Ўш: Чет ўлкалик талаба курсдошининг ўлими сабабли митингга чиқишди

923

Ўш давлат университетининг 200дан ортиқ чет ўлкалик талабаси инсульт сабабли вафот этган ҳиндистонлик талабанинг жасадини ватанига етказишни талаб қилиб митингга чиқишди. Улар шу билан бирга Ҳиндистоннинг Бишкекдаги элчилигининг масъулиятсизлигини танқид қилиб, деканни ишдан кетишини талаб қилишди.

Митингга Ўш давлат университети (ЎшДУ) тиббиёт факультетининг 1-курс талабаси Субхам Бангравнинг ўлими сабаб бўлди. Талабаларнинг сўзларига кўра, у Ўш област касалхонасига ётқизилган, бироқ «қаноатлантирмаган» даволаниши жараёни сабабли 13-ноябрда 11:00да вафот этган.

Талабалар Kloop.kgга воқеанинг эртаси куни улар ижтимоий тармоқлар орқали уюшиб, митингга чиқишган.

«Биз ўзимизнинг Бишкекдаги элчилигимиздан жавоб кутиб чарчадик. Биз элчихонага қўнғироқ қилиб, талабанинг ўлими тўғрисида хабар қилдик. У ердагилар эса талабанинг жасадини ватанига етказа олмаслигини, сабаби унга маблағ йўқлигини айтишган. Биз аччиқланиб кирсак улар "керакли маблағнинг ярмини тўланглар, шунда қолганини биз берамиз" дейишди», — дейди талаба қиз.

У элчилик ходимлари жавобни кечиктириб, талабалар митинга чиққандан кейингина жавоб беришганини қўшимча қилди.

Талабаларнинг сўзларига кўра, улар ўқув юрти маъмуриятидан рухсат сўрашган эмас. Талабаларнинг ўзидан бошқа ҳеч ким митинг ўтказиш режаси тўғрисида билган эмас.

ЎшДУнинг ректори Канибек Исаков ва бошқа маъмурият вакиллари талабалар олдига бир соатдан кейин сўзлагани чиқишди. Митинг тўрт соат давом этди.

«Биздан университетга киришни илтимос қилишди, сабаби кеч кириб совуқ туша бошлаган. Бироқ биз бундан бош тортиб, талабларимизга жавоб олмагунча ҳеч қаерга бормаслигимизни айтдик», — деди митингда иштирок этиб, исмини айтгиси келмаган талаба.

Ҳиндистонлик талабалар митингда умумий тўрт талаб қўйишди:

  • Талабанинг ўлимига тиббиёт факультетининг чет ўлкалик талабалар учун декани Роман Калматовнинг алоқаси бор-йўқлигини текшириб, уни ишдан четлатиш;
  • Талабаларга маҳаллий аҳолидан ва милициядан хавфсизликни таъминлаш;
  • Талабаларни ўқиши учун зарур бўлган барча ускуналар ва маблағлар билан таъминлаш;
  • Вафот этган талабанинг жасадини тўхтовсиз ватанига етказиш.

ЎшДУнинг ректори воқеани текшириб, зарур бўлса деканни ишдан четлатишга ваъда берди. У университетнинг обрўсига зарар келтириши сабабли талабалардан деканни судга беришдан бош тортишни илтимос қилди. Ректорат студентнинг жасадини жўнатиш учун 50 минг сом ажратиб беришга ваъда берди.

ЎшДУ: «ҳеч қандай митинг бўлмади»

ЎшДУнинг матбуот котиби Зинагүл Нуралиева Kloop.kgга ҳеч қандай митинг бўлмаганини айтди — унинг сўзларига кўра, талабалар вафот этган талабани хотирлаб қўйиш учун йиғилишган.

«Улар ҳеч қандай митингга чиқмади. Талабалар шунчаки университетнинг бош иморати олдида ҳамюртини хотирлаб қўйиш учун келган. Бунинг учун улар ўқув юртининг маъмуриятидан олдиндан рухсат сўраб, у эса қўллов кўрсатиб, хотирлаш кечасига барча талабаларни йиғилишига имкон берди», — деди у.

Ўш области ИИБнинг матбуот котиби Замир Сидиков Kloop.kgга милиция томонидан митинг вақтида қонунбузарликлар рўйҳатга олинмаганини айтди.

«Бу митингми ёки хотирлаш кечасими, бизга фарқи йўқ. Асосийси у ерда [митингда] қонун бузилмаса бўлди», — деди у.

Бишкекдаги Ҳиндистон элчилигининг вакиллари бугун маданий тадбир ўтаётганини айтиб, воқеага изоҳ беришдан бош тортишди.

«Элчиликнинг вакили Ўшга жўнади. Маълумот бўлиши билан биз сизларга билдирамиз», — дейишди элчиликдагилар.

Мархум талабанинг жасади бугун Бишкекка жўнатилади. Вафот этган талаба Субхам Банграва тиббиёт факультетининг биринчи курсида ўқиган. Унинг тасодифий ўлимига инсульт сабаб бўлган.

Ўш давлат университетида 2000дан ортиқ чет ўлкалик талаба ўқийди, кўпчилиги тиббиёт бўлимида таҳсил олишади.

Муаллиф: Дастан Умоттегин

Сурат: Турмуш