“Азаттык”: Москва. Муҳожирларнинг оила ишларига “криминаллар” аралашганда

717

Москвада кўплаган ёшлар фуқаролик никоҳи билан яшайди. “Азаттык”нинг мухбири айрим оилаларда чиққан турмуш келишмовчиликлар сабаб ноанъанавий усуллардан фойдаланишини аниқлаган.

Мақоланинг асл нусхаси “Азаттык радиосининг сайтида чиққан. Муаллифи Лазат Жанибек қизи.

Тўрт йилдан бери темир йўл вокзалида тозалаш хизматида ишловчи Темирлан аёли билан Москвада танишиб, саккиз ой аввал уйланган.

Октябрнинг ўртасида ёш оилада жанжал чиққан. Келин нотаниш эркакларни бошлаб келиб, эрини калтаклатган. Бундан ташқари улар Темирланнинг чўнтагидаги бор-йўғини, кийимларини олиб кетган:

- Ўша куни у маошини олиб, тунги сменадан чиқиб, эрталаб келиши керак эди. Лекин кечга яқин келди. Афтидан калтак еганга ўхшарди, пули ҳам йўқ эди. Нима бўлганини сўрасам, ҳеч нарса айтмади. Нима бўлди, пул қани деган сўзимнинг орқасидан жанжал чиқди. Мен уйдан чиқиб кетдим.Тунда келсам, уйда йўқ экан. Кейин ухлаб ётганимда, нотаниш болалар билан келди. Улар мени кўчага олиб чиқиб, тонг отгунча калтаклашди. Бир хушимга келсам, аёлим “буни ҳеч кими йўқ, калтаклаб ўлдириб ташланглар” деб қийқираётган экан. Улар мендан ёш экан, лекин мен ёлғиз бўлганимдан, уларга қарши жавоб беролмадим. Аёлимни уйланмасимдан олдин банкдан олган кредити бор эди, мен кредитга пул берар эдим. Хали болалар менга “аёлингни кредитини, ижарасини тўлайсан, бизни ижарамизни ҳам тўлайсан, кейин бизнинг сенга кетган вақтимиз, асабимиз учун ҳам ҳақ тўла” деб 70 минг рубль топиб келишга мажбурлашди. Ўзларини чеченлар билан боғлиқ  «черный»миз деб айтишган. Уйдан пайпоғимгача кўтариб кетишди. Хотиним билан саккиз ойдан бери бирга яшаймиз, лекин ота-онасининг розилигисиз.

“Эртага 70 минг рубл топиб келмасанг, ҳаётинг билан видолаш” деганидан қўрққан Темирлан Москвадаги Қирғизистоннинг Ички ишлар минстрлиги ваколатхонасига ариза билан мурожаат қилган.

Полковник Аскат Алиев мазкур иш бўйича 22-26 ёшлардаги уч қирғизистонлик фуқаро тўновчилик иши бўйича қамоққа олинганини билдирди. Темирланнинг аёли эса жиноят ишига алоқадор шахс сифатида сўроқ бераётганини билдирди.

Яна бир 23 ёшдаги Мээрим ҳам шу каби воқеага дуч келган. Москвада топган эри тенгдошлари билан келиб, тўқайга олиб бориб калтаклаб, йирик миқдордаги пулни топиб беришни талаб қилишган.

-Ўшда танишганмиз. Кейин орқамдан Москвагача излаб келиб, уйланаман деб юрди. Аста-секин билан гаплашиб юриб, кейин ҳомиладор бўлиб қолдим. Олдирайлик деб Марьина Рощадаги қирғизларнинг тиббиёт марказига борсак, 6 минг рубл деди. Халигининг пули йўқ экан, ойлик олгунча кутиб тур деди. Шундай қилиб, кўп вақт ўтиб кетди. Охири Қирғизистонга бориб, унинг ота-онасига айтишга тўғри келди. Унинг ота-онаси менга қарши бўлди. Мен қайтиб Москвага келдим. Келсам, орқамдан эрчиб келиб, ярашайлик деб юрган. Кейин бир куни кечқурин келибоқ, машинага солиб, тўқайга олиб бориб калтаклаб, пул талаб қилди. Ёнида тенгдошлари, бир аёл, кейин қайнағам ҳам бор эди. У келганда мен ярашамиз деб ўйлагандим.

Фуқароларнинг пул учун муҳожирликка чиқиши ўлкадаги оилаларнинг ажралишига, болаларнинг қаровсиз қолишига асосий сабаб бўлаётганини мутахассислар анчадан бери айтиб келишади.

Москвада аёллар билан ишловчи Гүлмира Жусупалиева эса Россияда муҳожирлар орасида оилавий қадриятлар йўқолиб, ёшлар вақтинчалик нарсалар билан машғуллигини айтади.

- Ҳозир Москвада ёшлар бир-бирини яхши таниб, ҳурмат-иззат билан ота-она олдидан ўтиб уйланиш деганни унутиб қйўишди. Оила қуришга бу ерда шароит ҳам йўқ. Уйлангандан кейин алоҳида квартира олмай, одамлар билан қўшилиб бир квартирада яшайверишади. Кейин бир оиладек эмас, худди вақтинча бир квартирада яшайдиган одамлардек муомалада бўлишади. Кейин оила қадриятлари, аёлнинг ёки эркакнинг вазифалари ҳам аралашиб кетди. Аёлларимиз пул топишни ўрганиб, ўзларини аёллик вазифаларини унутмоқда. Эркаклар эса эркаклик бурчларини бажармай овқатини қилиб, кийимини олиб берган ёши катта аёллар билан ҳам яшашмоқда. 

Россиядаги мигрант ёшларнинг орасида диний никоҳ асосидагина турмуш қуриб олганлар кўпчиликни ташкил қилганидан, миграцияда турмуш қурганларнинг аниқ сонини айтиш мумкин эмас.

Сурат: «Азаттык»