Алтинбек Нурбаев Ўшда уч йилдан бери такси хайдовчиси бўлиб ишлайди. У йўл халокатидан кейин оёғидан айрилиб қолгандан кейин биринчи марта рулни қўлига олган.
Алтинбек олдин ҳеч қачон рулга ўтирмаган — у оёғидан айрилгандан кейингина биринчи марта автомобил бошқаришни ўрганган. Унинг айтишича, бу унчалик ҳам қийин бўлмаган. У бошқара бошлаган автомобил махсус оёқсиз одамларга мослаб ясалган.
“Аввалига 1-2 марта қишлоқда хайдаб кўрдим, болаларни мактабга етказдим. Кейин бир куни: “Такси қилиб кўрайин, ҳеч бўлмаганда бензинга, болаларни мактабга етказгани пул топаман” деб ўйладим. Шундай қилиб бошқаришни ўрганиб кетдим”, — деди у.
Беш йил аввал Алтинбек автохалокат натижасида икки оёғидан ажраган.
“Турли ҳаёлларга бордим. Юра олмай қолганимга кўникиш қийин бўлди. Тўрт деворнинг ўртасида ўтира олмай қолдим. Уйдан чиқиб, одамлар билан гаплашгим келди. Оиламни қараб, болаларни боқиб, ҳеч кимдан пул сўрамай яшашни жуда истадим”, — дейди у ўтган кунларини эслаб.
Унинг ҳовлисида отасининг автомашинаси бор эди, уни Алтинбек бошқача қилиб ясаб олишни хоҳларди. Шундай қилиб у машинани қайта ясаб чиқа оладиган уста қидира бошлади.
“Қанчалаган устахоналарга бормадим дейсиз? Усталарнинг бари мен топширган ишни [автомобилни қўл билан бошқарадиган қилиб қайта ясаб чиқишни] олишни истамади. Мен уни хайдаб кетаётиб бирор нарса бўлсам шунга жавоб бериб қолишдан қўрқишди шекилли. Шундай қилиб ҳеч ким унамай қўйди”, — дейди хайдовчи.
Уч ойдан кейин у оёғи йўқ машина миниб юрган ҳайдовчини учратади. Унинг автомобили шундай бошқаришга тўла мослаштирилибди. Ундан Алтинбек керакли устанинг манзилини сўраб олиб, ишини топширгани боради.
Ногиронлар учун уста
Автомобилларни қайта ясаб чиқишга мутахассислашган учта Амиржан Матанов ўзи ҳам бир пайтлар оёқсиз қолиб, Алтинбек каби ёлғизликка ва иложсизликка дуч келган.
У ҳам машинасини қайта ясатиб чиқиш фикрига келган. Амиржан бошқа усталар билан бирга ўзининг эски “Запорожец”ини қайта ясаб чиқиб, қўл билан бошқара бошлаган.
“Мен қўл билан бошқаришнинг принципини тушуниб олиб, буюртмалар ола бошладим. Алтинбекнинг машинасигача ўнга яқинини ясаб чиққанман”, — деб билдирди Матанов.
Йўлда фарқлилар йўқ
Алтинбек рулда ўтирганда доим ҳушёр юради. У қўлини тормоздан олмайди, хайдаб кетаётган автомашинасини назоратда сақлайди.
“Бу [ўнг] қўл доимо тормозда. Ҳар қандай ҳолатда турли нарсалар бўлиб кетиши мумкин. Болалар йўлга югуриб чиқиши мумкин. Ёки қандайдир жониворлар йўлга юугуриб чиқса дарров шуни босаман”, — дейди хайдовчи.
Хайдовчиларнинг кўпчилиги рулда ногирон хайдовчи ўтирганини билдирувчи, автомашинанинг орқа ойнагидаги белги билан ҳисоблашишмайди. Алтинбекнинг айтишича, бошқа хайдовчилар унга кўп бақиришади.
“Белгини кўрса ҳам бари бир сигнал бериб, сўкиниб, шошилтиришади. Баъзида қисиб, йўл бермай қўйган ҳолатлар ҳам бўлади. Асосан ёши улғайганларгина белгини кўрганда йўл беришади. Кўпчилиги ундай эмас. Ўз хавфсизлигимга ўзим харакат қиламан”, — дейди у.
Видео: Дастан Умоттегин, Арсений Мамашев