Ўшнинг шимоли. Автобус бекатининг олдида такси ҳайдовчилари ярим соатлик масофадаги қўшни шаҳар Қорасувга одамларни чақиришмоқда. Эркак ҳайдовчиларнинг орасида оқ кийимли ва оқ шляпали 40 ёшдаги аёл ҳайдовчи кўзга ташланади. У ҳам йўловчиларни чақирмоқда: "Қорасувга кетамиз! Қорасувга кетамиз!"
Биз таксистларга саволлар билан мурожаат қилсак, улар жавоб беришдан бош тортиб, бизни шляпали Саламат опага жўнатишди. У ҳам ўзича юк ташиш билан шуғулланмоқда, ўзининг эркак касбдошларига нисбатан хушмуомала.
Саламат Орозматова, ўзининг айтишига кўра, Ўшда ишлаган таксист-аёлларнинг учтасидан бири. Бироқ юк ташиш билан даромад қилаётган бошқа аёлларни кўрмаган.
Биз суҳбат тўғрисида келишиб, келаси куни опа билан шаҳар аро жўнадик, Қирғизистоннинг кўпчилик ҳозирда консерватив бўлган жанубида таксист бўлиб ишлашнинг ўзгачаликлари тўғрисида савол бердик.
Биз автомашина ичида суҳбатлашаётсак, ёнимизга йўл чироғи олдида “Лексус” тўхтаб, катта ёшдаги киши ойнасини тушириб, сўзлай бошлади.
— Эже, сиз ростдан ҳам таксистмисиз? — деб мурожаат қилди у Орозматовага.
— Агар ишонмасанг, кел мен сени манзилингга етказиб қўяман, — деди эже чақириқ билан.
Бояги киши бошини чайқаб, жилмайиб, йўлида давом этди.
Бунга ўхшаган суҳбатлар 12 йилдан буён Қирғизистон жанубида йўловчи ташиш билан шуғулланган Орозматова учун одатий ҳолга айланган. Унинг таксист бўлиб ишлашига эркаклар тезда ишонмасликларини айтади у.
«Уларнинг айримлари: “Тезроқ етамизми?” — деб сўрашади. Шунда мен: “Сиз аввал ўтиринг, агар мен тез орада етказиб бормасам, унда рулга ўзингизни ўтказаман” — деб жавоб бераман», — деди Орозматова.
Ёшлигида у қўшиқчи бўлиб, маданият уйида ишлаган. Бироқ қайси бир вақтга келиб бу касб уни бездирганидан болалик вақтидаги яна бир қизиқиши — ҳайдовчиликка ўтган.
Орозматова ўқувчилик даврида ўқитувчисининг “Запорожец”ини миниб кетганини ва трактор бошқаришга ҳаракат қилганини айтиб берди.
Орозматованинг вояга етган икки нафар фарзанди ва Россияда ишлаётган турмуш ўртоғи бор. Аёл-ҳайдовчининг сўзларига кўра, оиласида унинг йўловчи ташиш билан шуғулланишига ҳеч ким қаршилик кўрсатган эмас.
"Оилам қарши бўлмаган. Турмуш ўртоғим, фарзандларим билан мени қўллашди", — деди у.
Ҳайдовчи иш бошлаган дастлабки йиллари йўловчиларни жалб қилиш қийин бўлганини, сабаби улар унга ишонмаганликларини айтади. Бироқ 12 йил оралиғида Ўшдан Қорасувга қатновчи доимий йўловчилари борлигини айтди.
«Менга ўз ишим ёқади. 20-22 минг сомни ташкил қилган даромадим мени қаноатлантиради. Автомашинамдаги тозаликка эътибор бераман, шу сабабли йўлвчиларим доим мендан рози бўлиб, кўнглимни кўтариб яхши сўзларни айтишади», — деди у.
Муаллифлар: Жумагуль Ташболот кизи, Адина Азимканова