Уй-жойга муҳтожлар митингининг уюштирувчилари уч суткага қамалишди

808

Ҳукуматдан Бишкек яшовчиларининг уй қуришига ер беришни талаб қилган уй-жойга муҳтожлар митингининг уюштирувчилари қамоққа олинди. Норозилик акциясининг яна 28 нафар иштирокчисига “жамоат тартибини бузганлиги” учун 300 сомдан 500 сомгача бўлган миқдорда жарима солинди.  

26 июлда Горький номидаги сайлгоҳда ўтган уй-жойга муҳтожларнинг митингидан кейин ҳуқуқ тартибот органлари 33кишини ушлаб, Биринчи май РИИБсига олиб боришган. Уларнинг кўпига — 28 кишига — 300 сомдан 500 сомгача бўлган миқдорда жарима солинди.

“Милиция ходимларининг қонуний талабларига бўйсинмаганликлари” учун митингнинг яна уч иштирокчиси уч суткага, унинг уюштирувчиси Нурлан Асанов эса тўрт суткага қамоққа олинди.

Бишкек шаҳар ИИББсининг матбуот хизматининг раҳбари Олжобай Казабаев 26 июлда ўтган митинг иштирокчилари Бишкекдаги майдонга чиқиб, йўлни тўсишни режа қилганликларини билдирди.

Казабаевнинг айтишича, милиция митинг уюштирувчилари билан иштирокчиларини “жамоатчилик тартибини бузганликлари” учун қўлга олган.

Митингни уюштирган Уй-жой қурилиш кооперативлари коалициясиинг матбуот котиби Эрали Жуналиев Kloop.kgга уюштирувчилар тинчлик митингини ўтказиб, Горький боғидан Оқ уйгача боришни режалаштирганликлари ҳақида милиция ва мэрияга олдиндан билдиришганини айтди.

“Биз бошқаларга халал бермасдан тротуарлар билангина борайлик деяётган эдик […] Биз Горький боғига йиғилгандан кейин дарров фаолларимизни Биринчи май район ИИБсининг ходимлари ушлаб, куч билан автобусга солиб, олиб кетишди. Улар иштирокчиларни уришди, хатто хомиладорларни ҳам, сўкинишиб, ўзларини одобсизларча тутишди. Уларнинг орасида маст ходимлар ҳам юрди. Бунгача биз тинчлик митингларини ўтказиб юрганмиз, бари меъёрида бўлган. Бизда Атамбаевнинг суратлари билан “Биз халқни ўйлаган президентни қўллаймиз” деган ёзувлар бор бўлган, бироқ милиционерлар нимагадир уларни йиртиб ташлашди”, — деди у.

Бишкек милициясининг матбуот котиби Олжобай Казабаев Kloop.kgга митингчиларнинг бу сўзларини инкор қилиб, уларни “фитначилар” деб атади.

“[…] Улар ҳамма ерда алдаб, фитна қилиб юришади. Улардан ҳеч қандай яхшилик кутмаслик керак. Сизлар митинг натижасини ўзинглар кўрдинглар. Уларга ҳаддан ошиш, майдонга бориш, йўлларни тўсиш мумкин эмаслиги ҳақида эслатилган. Бироқ бунга қарамай уларнинг уюштирувчиси Нурлан Асанов (майдонга чиқишга) харакат қилиб, милиция ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаган.” , — деди у.

Уй-жойга муҳтожларнинг митинги Бишкекнинг Горький номидаги сайлгоҳида 26 июлда ўтган. 100дан ошиқ киши шаҳарнинг кам таъминланган яшовчиларига уй қуриш учун ер берилмаётганига норозилик билдиришган.

Акциянинг иштирокчилари у ерга борган милиция митингнинг уюштирувчиларини ушлай бошлаганда тарқаб кетишган. Ҳуқуқ тартибот органлари митинг рухсатсиз эканини билдиришган, бироқ норозилигини айтиб чиққанларнинг ўзлари Kloop.kgга тадбир ҳақида милиция билан мэрияга маълум қилганликларини айтишди.

Кейинроқ акиянинг иштирокчилари митингни унинг уюштирувчилари олиб борилган Биринчи май РИИБсининг биноси олдида давом эттиришган.

Муаллифлар: Бегимай Исаева, Алтинай Обосканова
Сурат: Sputnik