Туркия: Хитой фуқаролари қалбаки қирғиз паспорти билан қўлга олинди

730

Туркия ҳукумати 17 май куни Истанбулдаги “Отатурк” халқаро аэропортида 98 одамни қўлга олди. Хитой фуқаролари қалбаки қирғиз паспорти орқали Саудия Арабистонига кетмоқчи бўлган.

Истанбул полицияси 17 май куни Туркиянинг “Отатурк” халқаро аэропортида 98 одамни қўлга олди. Hurriyet нашрининг маълум қилишича, қўлга олинганлар Урумчидан Саудия Арабистонига кетаётган хитой фуқаролари бўлиб чиққан.

ОАВ маълумотига асосан, улар нархи донасига 2500 евро бўлган қалбаки қирғиз паспорти билан белгиланган жойга кетмоқчи бўлишган.

“Транзит залида паспорт назоратидан ўтаётиб тўрт одам йўловчиларга Қирғизистон фуқароларининг қалбаки паспортини берган”, — деб ёзади Hurriyet.

Нашрнинг полицияга таяниб маълум қилишича, тўрт нафар ташкилотчи хибс қилинган. Қолган йўловчиларни Хитойга депортация қилиш  учун яқинда иммиграция хизматига юборишади.

Давлат рўйҳатга олиш хизмати матбуот котиби Мелис Эржигитовнинг Kloop.kgга маълум қилишича, хизмат бу каби ҳолатларни олдини олиш учун доимий тарзда паспорт беришда хавфсизлик чораларини кучайтиряпти. Унинг сўзларига кўра, ДРХ ходимлари паспортлар серияларини олиш ва қандай қилиб улар қалбакилаштирилганини аниқлаш учун Туркия томони билан музокаралар олиб бораяпти.

“Биз ушбу ҳолат бўйича тезкор мажлис ўтказдик.  Биз дипломатик каналлар орқали паспортлар сериясини олиш учун турк томонига мурожаат қилдик.  Тахминий маълумотларга кўра, бу қалбаки паспортлардир”, — деди у.

“Азаттык” нашрининг ёзишича, қирғиз паспортларига асосан Марказий Осиё фуқаролари орасида талаб кучли. Мухожирлар сўзларига кўра, қалбаки қирғиз паспорти Россияда осон ишга ўрнашиш ва имтиёзлар олишга имкон беради.

Россиядаги Қирғизистон ИИМнинг расмий вакили Аскат Алиевнинг “Азаттык”га берган суҳбатида айтишича, паспортларни қалбакилаштириш билан уюшган жиноий гуруҳ шуғулланаяпти ва у билан кураш қийин бўлмоқда.

Муаллиф: Айжамал Мураталиева