"Азаттык": Декрет таътили эркак прокурорлар ўртасида оммалашмоқда

1325

Қирғизистонда ўз иш жойини сақлаб қолиш учун декретга чиқаётган эркаклар прокурорлар орасида тез-тез учрайди.

Мақоланинг асл нусхаси “Азаттык” радиосининг сайтида эълон қилинган.

Бош прокурор Индира Жолдубаева парламентда ҳисобот бериш вақтида прокуратурада бола боқишини айтиб декрет таътилига чиқувчи эркак ходимларнинг сонидан ажабланганини билдирди.

Айни вақтда у қонунга кўра бу каби таътил ҳуқуқига аёллар билан баробар эркаклар ҳам тўла эга эканини қўшимча қилди.

Декретга кетган эркак прокурорларнинг сонини билишни истаган, лекин аниқ маълумот ололмаган Жогорку Кенешнинг депутати Исхак Масалиев декрет таътили олиш ҳуқуқини эркаклар бошқа мақсадда қўлланган ҳолатларига гувоҳ бўлиб юрганини билдирди.

— Масалан, мен солиқ идорасида ишлаб юрган вақтимда  билганман. Айрим ходимлар бу раҳбар ишдан кетгандан кейин қайтиб келаман деб, декретга кетади. Шаклан асли қонуннинг мақсади бошқачароқ-да. Йигитлар масалан, олти ойлик болани қандай боқарди? Кўкрак сути берадими? Бир оз ўхшамай қолар экан, кўп ҳолатларда.

Конституция палатасининг собиқ судьяси  Клара Сооронкулова ҳақиқатдан ҳам декрет таътилининг таъмини биринчилардан бўлиб прокуратура ходимлари тотганини айтди. Аввалги бош прокурор Аида Салянованинг вақтида хизматдан айрила бошлаган баъзи прокурорлар имконни мазкур қонундан топишган. Ишдан бўшашдан кўра декрет таътилини олиб, боласини ҳам боқиб, иш ўрнини ҳам сақлаб қолиш бахтини прокурорларга ушбу қарор берганлигини Сооронкулова яширмайди.

— Исмини тилга олмай қўяқолай, мендан хафа бўлиб қолмасин. Бу анъанани бир прокурор бошлаган. Ишдан кетиш арафасида аёли туғиб, дарров декрет таътилига чиқиб кетган. Бундай таътилга чиққан кишини ҳеч ким ишдан бўшата олмайди. У декретда уч йил ўтирди. Уч йилдан сўнг сиёсат ўзгарди, бошқа раҳбар келди. Декретга чиққан ўша киши ҳозир ишлаб юрибди. Бу махсус қилинган нарса. Нима эркак прокурорлар аёлларига ёрдам қилиб, болаларини боқишаяптими? Ундай эмас. Шундан сўнг бу  одат  давом этди. Бошқа хизматга ўтиш ёки ишдан кетиш хавфи туғилиши билан декретга чиқиб олишади.

Ижтимоий ривожланиш минстрлигининг мутахассиси Гулмира Окоеванинг айтишича, бола боқишга оталарни жалб қилиш низоми аввал бўлмаган. Бироқ уч тўрт йил аввал гендер тенглиги муаммоси юзасидан қонунга бола боқиш учун таътилга чиқиш ҳуқуқи  отага ҳам, боланинг бобо ва бувиси ҳам берилиши мумкинлиги киритилган.

​Меҳнат кодексининг 307 –бандига кўра, аёллар 126 кун лекрет таътилига чиқа олади. Бу вақт учун нафақа пули ажратилган.

Бундан кейин эса болага уч ёшга қадар ғамхўрлик қилиш низоми 137-банди билан тасдиқланиб, унга кўра болани боқишга онагина эмас бошқа оила аъзоларининг ҳам ҳуқуқи киритилган. Бироқ мазкур таътил вақти учун давлат пул тўламайди.

Қирғизистон жамияти мазкур қарор билан унчалик ҳам таниш эмаслар, Ғарбда эса бу амалиёт кенг тарқалган. Масалан, Британияда бола боқмоқчи бўлган отага давлат бола бир ёшга чиққунга қадар нафақа пули ажратади. Айни вақтда бу давлатда бола боқиш муддатини уч йилга чўзиш талаблари айтилмоқда.

Фото: Айбек Колчуманов/RFE/RL