Uphill форматидаги илк тоғ мусобақаси Бишкек ташқарисида ўтди. Қирғизистон билан Қозоғистондан келган юздан ошиқ иштирокчи турли синовлардан ўтишиб, ўзларининг матонатларини текшириб кўришди.
2 апрель куни Uphill мусобақалари боис юзлаган киши “Кара-Булак” эко-комлексининг ҳудудида тоққа 400 метр югуришди.
Ёмғирли об ҳавога қарамай иштирокчилар ўтгазган вақтларига ачинишмади. Уларнинг кўпчилиги бундай об ҳаво аксинча имконият эканини айтишиб, бу каби мусобақалар ҳудди мана шундай шароитда ўтиши кераклигини таъкидлашди.
Мусобақа уюштирувчиларидан Кирилл Бевзюк Қирғизистонда Uphill мусобақалари биринчи бор ўтказилаётганини айтди. Тадбирдан кўзланган мақсад —ўлкадаги туризм даражасини кўтариш ва одамларни спортга ундаш.
”Мен қисқа вақт ичида шунчалик иштирокчилар билан томошабинларни йиға олганимиздан хурсандман. Қайси ерда ўтказиш ҳақида кўп ўйладик, чунки ҳар бир тоғ ҳам 400 метр бўлавермайдида”, — деди у.
Мусобақа иштирокчиларининг энг кичиги Александр Стасевич 11 ёшда.
“Югуриш ёрдами билан Қирғизистон бундан ҳам соғлом ўлка бўлади” , — деди у.
Ғолибларга медаллар ва мукофот қатори сертификатлар топширилди.
Тоққа югуришдан ташқари бу ердагилар, жумладан қозоғистонлик меҳмонлар "Кроссфит жанги”га ҳам қатнашиш имконига эга бўлдилар.
Тўрт кишидан ташкил топган саккиз жамоа уюштирувчилар томонидан берилган топшириқларни бажаришди. Уларга бир-бирини елкасида кўтариб, катта устунлар билан курашиб, ғилдиракларни оғдариб, арқон билан юқорига чиқишга тўғри келди.
Видео: Даниил Ляпичев
Монтаж: Азат Рузиев
Фото: Уулжан Саякбаева