Иқтисодий жиноятларга қарши кураш давлат хизмати ноқонуний тадбиркорлик билан шуғуллангани учун эшшак фермаси раҳбарларига қарши жиноий иш қўзғади. Аввалроқ ферма раҳбарияти гўштни ошхоналарга сотганликда айбланганди.
Жиноий иш 3 март куни, эшшак гўштини Қирғизистондан ташқарига, Гонконг ҳайвонот боғига сотиш билан шуғулланувчи «Кайтал» компаниясига қарши очилган.
«Ҳозирги вақтда олинган гўштлар устидан суд экспертизаси олиб борилиб, айни иш тафсилотларини очиқлаш учун тезкор тергов тадбирлари йўлга қўйилган», — деб хабарлади давлат хизмати.
Аввалроқ ферма бошчилари эшшак гўштини Бишкек ошхоналарига сотганликда айбланганди — бу ҳодисага биринчилардан бўлиб Ижтимоий телеканал журналистлари эътибор қаратган. Улар ҳайвонлар сўйилиш жойидан хабар тайёрлаганди.
Бунга жавобан «Кайтал» ҳиссадорлик жамияти раҳбари Алмаз Такирбашев матбуот анжуманида эшшак гўшти Қирғизистондан ташқарига, Гонконг ҳайвонот боғига сотилишини билдирди.
«Бизда гўштни музлатилган ҳолда Гонконгга олиб бориш ҳақидаги келишим бор. Уни ҳайвонот боғига, йиртқичларни боқиш учун олишади», — деди у.
Такирбашев Ижтимоий телеканалда чиққан сюжетни очиқ ёлғон ва бўҳтон деб атади. Мазкур сюжетда муаллиф Элнура Молдокадирова эшшак гўшти умумий овқатланиш жойларига сотилиши ҳақида гапирган.
«Биз олган маълумотларга кўра, эшшак гўшти қўй ёки мол гўшти деб сотилади. Уни тонналаб шаҳарнинг машҳур фаст-фуд, чойхона ва хитой кафеларига сотишади ва улар ўз ўрнида бу гўштдан гамбургер ва бошқа овқатлар тайёрлашади», — деган журналист ўз сюжетида.
Аввалроқ журналист компаниянинг рухсат берувчи ҳужжатлари йўқлиги ҳақида ҳам билдирганди. Ўз ўрнида «Кайтал» компанияси рабарияти Kloop.kg мухбирларига мазкур ҳужжатларни ва эшшак гўшти сақланаётган музлаткичларни кўрсатди.