Бош прокуратура «қалбаки диплом» туфайли депутатга қарши иш очди

1058

Парламентнинг «Ар-Намыс» партияси вакили, депутат Нурлар Торобековга қарши олий маълумот ҳақидаги дипломни қалбакилаштиргани сабаб жиноий иш очилди. Депутатнинг ўзи қалбаки диплом ҳақидаги иддаоларни рад этди.

Жиноий иш бош прокурор Аида Салянова тарафидан «алдамчилик» ва «ҳужжатларни қалбакилаштириш ёки улардан фойдаланиш» моддалари бўйича очилган.

Торобеков 2013 йили олий маълумот ҳақидаги қалбаки диплом нусхасини топширгани ва бу орқали учинчи даражали давлат маслаҳатчиси унвонини олганликда гумонланмоқда.

Бош прокуратурага кўра, мазкур диплом Торобековга тегишли эмас ва у дипломларнинг рўйхат дафтарида қайд этилмаган.

«Ҳудди шу рўйхат рақами орқали, бироқ бошқа сана ва сериядаги диплом ўзга шахсга ҳам берилган. Шу тариқа, Жўғўрқу Кенеш депутати Торобеков қалбаки дипломи орқали тегишли ҳуқуқларни қўлга киритган», — деб хабарлади прокуратура.

Торобековнинг ўзи жиноий ишни тушунмовчилик деб атади ва бу айбловдан ҳайратда эканини яширмади.

Депутатнинг айтишича, у дипломни сотиб олмаган — унга кўра, бу кимнингдир лаёқатсизлиги туфайли бўлган бўлиши мумкин.