Футбол: Қирғизистон йирик ҳисобда Қозоғистонга мағлуб бўлди

828

Остонада ўтган ўртоқлик учрашувида Қирғизистон термаси қўшни Қозоғистонга йирик 1:7 ҳисобида ўйинни бой берди.

Ўйиннинг 27 дақиқасида қозоғистонлик ҳимоячи Бауржан Исламхан майдоннинг ўнг қанотидан жарима майдончасига тўп узатди, майдонча марказида турган Сергей Хижниченко ошириб берилган тўпни Қирғизистон дарвозаси томон йўллаб ҳисобни очди. 1:0.

Урилган голдан руҳланган қозоғистонлик футболчилар орадан тўққиз дақиқа ўтиб ҳисобни йириклаштирди.

Ўйиннинг 42 дақиқасида эса жамоадоши ошириб берган тўпни дарвозанинг ўнг бурчига йўллаган Хижниченко ҳисобни 3:0га олиб чиқди.

Иккинчи бўлим бошланганидан 10 дақиқа ўтиб, Бауржан Исламхан Қирғизистон дарвозасини тўртинчи марта ишғол қилиб, орадаги голлар фарқини тўрттага оширди.

Беллашувнинг 70 дақиқасида 30 метрлар чамасидан Қирғизистон дарвозасини нишонга олган Бауржан Жолчиев ҳисобни 5:0 қилди.

Бу голдан икки дақиқа ўтиб қирғизистонлик футболчилар ҳужум уюштирди ва бир жавоб голи киргизишга муваффақ бўлди. Голга ҳужумчи Кайрат Жиргалбек уулу муаллифлик қилди.

Ўйиннинг қолган дақиқаларида эса қозоғистонлик футболчилар яна икки карра Қирғизистон дарвозасини ишғол қилиб, ҳисобни йирик — 7:1га олиб чиқди.

Қозоғистон қўшни Қирғизистонга қарши ўртоқлик учрашувини Европа чемпионати саралаш баҳслари арафасида ўтказди.

Қозоғистон термаси Европа чемпионатига йўлланмани қўлга киритиш учун биринчи ўйинни Латвияга қарши ўтказади. Ўйин бугун, Қозоғистон пойтахти Остонада ўтиши кутилмоқда.

Латвияликлардан ташқари Қозоғистон термаси гуруҳида Нидерландия, Чехия, Туркия ва Исландия жамоалари ўрин олган.