Қирғизистонлик ва тожикистонлик чегарачиларнинг отишмаси оқибатида олти Тожикистон фуқароси жароҳатланган, деб хабарлади «Азия-Плюс» интернет портали. Қирғизистон ҳукумати тожик чегарачилари биринчи бўлиб ўқ узганини билдирмоқда.
Ҳодиса 25 август куни, Боткен областининг Лайлак районида жойлашган Сай қишлоғи яқинида рўй берган — Қирғизистон ҳукуматига кўра, тожикистонлик чегарачилар талаш худудда чегара пунктини ўрнатишга ҳаракат қилган.
«Айни вақтда Тожикистон фуқаролари экскаватор орқали қирғизистонликлар Сайга ўтувчи Гулкандоз сойидаги кўприкни бузишга ҳаракат қилган», — деб хабар қилди қирғиз чегара хизмати.
Қирғизистон ҳукуматига кўра, ўқни биринчи бўлиб Тожикистон чегарачилари очган.
Қирғиз тарафдан жароҳат олганлар йўқ.
Қирғизистон Чегара хизмати ҳозирда чегарадаги ҳолат зиддий эканини билдирди.
Тожикистоннинг «Азия-Плюс» ахборот портали чегарачиларнинг тўқнашуви орқали беш киши жароҳат олганини билдирди — сайт бу хабарни Сўғд вилоятидаги манбага таяниб тарқатган.
Манбанинг хабарлашича, отишма қирғиз ҳукуматининг Ҳўжа Бокиргон сойи устидан кўприк қурилишини қайта бошлаши ортидан келиб чиққан.
«Қирғиз чегарачиларининг ўқ отиши ортидан Қалача қишлоғининг беш яшовчиси жароҳат олди. Ҳодиса жойига келган тожикистонлик чегарачилар жавоб ўқини очмаган», — деб ёзади «Азия-Плюс» ўз манбасига таяниб.
Бу Қирғиз-Тожик чегарасидаги биринчи қуролли тўқнашув эмас.
Жорий ойнинг бошида Тожикистон билан чегарадаги отишмада бир қирғизистонлик ҳалок бўлганди.
Қирғиз чегарачиларининг хабарлашича, қўшни давлат худудида ов қилаётган бир қирғизистонлик Тожикистон чегарачилари тарафидан отиб ташланган.
Ҳодиса 9 август куни кеч қирғиз–тожик чегараси яқинида рўй берган – тожик ерларида икки дўсти билан ов қилаётган Қирғизистон фуқароси Тожикистон чегарачилари тарафидан ўққа тутилганди.
Олинган жароҳатдан бир қирғизистонлик ҳалок бўлган, қолган икки кишини Тожикистон чегарачилари вақтинчалик сақлаш изоляторига киргизган.
Ҳалок бўлган қирғизистонлик жасади 10 август куни Ўш ҳуқуқ тартибот органларига топширилган. Қирғизистон ҳукумати ҳозирда қўлга олинган икки овчини қайтаришга ҳаракат қилмоқда.
Қирғизистонлик ва тожикистонлик чегарачилар ўртасидаги отишма 10 июл куни ҳам рўй берган ва тожик тараф маълуотига кўра, унда бир одам ҳалок бўлган.
Ўшанда Қирғиз-тожик чегараси яқинидаги ҳолат икки давлат чегарачиларининг отишмасидан сўнг бироз нормаллашганини Қирғизистон ҳукумати билдирганди.
Тожикистон маълумотига кўра, мазкур отишма оқибатида бир киши ҳалок бўлган, етти киши жароҳат олган. Жароҳат олганлар орасида тожикистонлик аскар ҳам бўлганини қўшни давлат чегарачилари билдирган.
Қирғизистон чегара хизмати 10 июл куни тожикистонлик чегарачилар билан отишма бўлиб ўтганини билдирганди — қирғиз ҳукуматига кўра, Тожикистон чегарачилари «Тамдык» постини миномёт ва гранатомётдан ўққа тутган.
Қирғизистон ҳукумати талқинига кўра, можарога Каравшин дарёсига қувурларни ўрнатмоқчи бўлган Ворух анклавида жойлашган Бедак қишлоғи яшовчилари сабаб бўлган.
«Ноқонуний ҳаракатларни» олдини олиш мақсадида қирғиз чегарачилари осмонга қаратиб бир неча марта ўқ узган — бу ҳодиса жойидан узоқда бўлмаган тожик чегарачиларининг қирғизистонлик ҳарбийларга қарата ўқ узишига сабаб бўлган.
Тожик ҳукумати билъакс, отишма қирғиз чегарачилари тарафидан қувур ўрнатаётган «тинч аҳолини ўққа тутиш» орқали бошланганини билдирган.
Қирғизистон ҳукумати ўзининг аскарлари ўқ узгани ҳақидаги маълумотни рад этиб келади.
«Қирғиз чегарачилари тинч аҳолини ўққа тутмайди», — деганди Борубаева.
Расмий Қирғизистон шунингдек отишма оқибатида инсон ҳалок бўлганини ҳам рад этганди.
«Тожикистон расман бу маълумотни тасдиқлаши билан, биз бу ҳақда гапира оламиз. Ҳозирги вақтда тожик ҳамкасблардан биз расмий билдирувлар олмадик», — деганди котиб.
Ушбу можаро Қирғизистон ва Тожикистоннинг чегара масалаларини муҳокама қилиш музокаралари манзарасида ўтганди.
Музокараларга кўра, Қирғиз ҳукумати 10 июл куни тожик анклавини айланиб ўтувчи йўл қурилишини қайта бошлаши керак эди.