Келдибеков тарафдорлари намойишни тўхтатди

829

«Коррупция»да айбланиб қўлга олинган депутат Ахматбек Келдибеков тарафдорлари воқеа жойига вице спикер Бодош Мамированинг ташрифидан сўнг Ўш-Иркештом йўлини очди.

Ўш ва Иркештомни боғловчи йўлни тўсган намойишчилар вице спикер Бодош Мамирова ва Ўш области бўйича ҳукумат вакили Сооронбай Жеенбеков билан музокаралардан сўнг трассини очди.

Ҳодиса жойига етиб борган Kloop.kg мухбири йўлнинг 25 ноябр куни кеч очилганини хабарлади.

«Намойишчиларнинг Мамирова билан музокараси 30 дақиқа чамаси давом этди. Бунгача улар област губернатори Жеенбеков билан сўзлашишган ва йўлни очишдан бош тортаётган эди. Вице спикер билан суҳбатдан сўнг улар йўлни очишди», — деди Kloop.kg мухбири Тойчубек Артик уулу.

Бироқ қўлга олинган депутат тарафдорлари Келдибеков уч кун ичида уй қамоғига қўйиб юборилмаса, йўлни қайта ёпиш билан таҳдид қилмоқда.

Депутатнинг ўзи ҳозирда Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг СИЗОсида сақланмоқда. Келдибеков у ерда 2014 йилнинг январигача ўтиради.

Депутатнинг қўлга олинишидан норози бўлган унинг тарафдорлари икки кун мобайнида Ўш ва Иркештомни боғловчи йўлни тўсганди. Бу ўз ўрнида Хитойдан келувчи автомобиллар тирбандлигига сабаб бўлди.

Ҳозирда воқеа жойига милиция ва маҳаллий ҳукумат вакиллари етиб борган, улар аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб бормоқда.