Соғлиқни сақлаш министрлиги Эбола вируси сабаб чегарада назоратни кучайтирди

890

Оқибати ўлимга олиб келувчи Эбола вирусининг Африкада авж олиши Қирғизистон ҳукуматининг назаридан четда қолмади — соғлиқни сақлаш министрлиги касаллик сабаб чегарада назоратни кучайтирганини билдирди.

Соғлиқни сақлаш министрлиги Эбола вирусининг Қирғизистон худудига кирмаслиги учун бор имкониятини ишга солмоқда, деб хабарлади «Кабар» ахборот агентлиги Соғлиқни сақлаш министрлиги ходими Абдиқадир Жороевга таяниб.

Жороевга кўра, Қирғизистон ҳукумати чегарада ва ўтиш пунктларида назоратни кучайтирган — чегарада ўрнатилган махсус аппарат яқин масофадан ҳарорати юқори даражада бўлган инсонни аниқлай олади.

«Агар, Худо кўрсатмасин, шундай одам пайдо бўлса, Соғлиқни сақлаш министрлиги ўз вақтида касални аниқлаш, бошқалардан ажратиш ва махсус тиббий ёрдамни кўрсатиш имкониятига эга», — дейди Жороев.

Ҳозирча Эбола касаллигига қарши вакцина ёки уни даволаш усуллари ишлаб чиқилмаган.

Шифокорлар тахминича, эбола вируси Африканинг тропик минтақасидаги турли ҳайвонлардан, хусусан, мева кўршапалакларидан одамларга юққан.

Мутахассислар фикрича, эбола вируси одамларга мазкур касалликдан ўлган ҳайвонлар билан контактда бўлган ёки ўша касалликдан ўлган ҳайвоннинг гўштини истеъмол қилиш орқали одамларга юққан.

Эбола вируси биринчи марта 1976 йилда Заир давлати (ҳозирги Конго Демократик Республикаси)нинг тиббий хизмат деярли бўлмаган қишлоқларда тарқалган.

Эбола вируси пайдо бўлганидан бери Конго, Уганда ва Суданда қайд этилган, аммо шу пайтгача Африканинг ғарбий минтақасида учрамаган.

2000 йилда эбола вируси Угандада тарқалган пайтда 435 одамнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлганди.

Ҳозирда эбола биринчи марта шаҳар аҳолиси орасида тарқалмоқда.

Маълумотларга кўра, эбола вируси юққан одамда қаттиқ шамоллаш каби тана ҳарорати кўтарилиши, томоқ оғриғи, бош оғриғи каби аломатлар кузатилади. Касаллик кучайган сари ҳаста одамда қусиш, ич кетиши, жигар ишламаслиги ва баъзи ҳолларда ички ва ташқи қон кетиши бошланади.

Шифокорларга кўра, эболага чалинган одамнинг танаси сувсизланади. Беморга кўп суюқлик ичириш унинг соғайиб кетиши эҳтимолини оширади.

Суратда: Эболага қарши курашнинг иллюстратив акси