Тожикистон билан чегарадаги отишмада бир қирғизистонлик ҳалок бўлди

814

Қирғиз чегарачиларининг хабарлашича, қўшни давлат худудида ов қилаётган бир қирғизистонлик Тожикистон чегарачилари тарафидан отиб ташланган.

Ҳодиса 9 август куни кеч қирғиз–тожик чегараси яқинида рўй берган – тожик ерларида икки дўсти билан ов қилаётган Қирғизистон фуқароси Тожикистон чегарачилари тарафидан ўққа тутилган.

Олинган жароҳатдан бир қирғизистонлик ҳалок бўлган, қолган икки кишини Тожикистон чегарачилари вақтинчалик сақлаш изоляторига киргизган.

Ҳалок бўлган қирғизистонлик жасади 10 август куни Ўш ҳуқуқ тартибот органларига топширилган. Қирғизистон ҳукумати ҳозирда қўлга олинган икки овчини қайтаришга ҳаракат қилмоқда.

Расмий тожикистон можарога ҳозирча ўз муносабатини билдиргани йўқ.

Бу икки давлат чегарачилари ўртасидаги биринчи тўқнашув эмас.

Қирғизистонлик ва тожикистонлик чегарачилари ўртасидаги отишма 10 июл куни ҳам рўй берган ва тожик тараф маълуотига кўра, унда бир одам ҳалок бўлган.

Қирғиз-тожик чегараси яқинидаги ҳолат икки давлат чегарачиларининг отишмасидан сўнг бироз нормаллашганини Қирғизистон ҳукумати билдирганди.

Тожикистон маълумотига кўра, мазкур отишма оқибатида бир киши ҳалок бўлган, етти киши жароҳат олган.  Жароҳат олганлар орасида тожикистонлик аскар ҳам бўлганини қўшни давлат чегарачилари билдирмоқда.

Қирғизистон чегара хизмати 10 июл куни тожикистонлик чегарачилар билан отишма бўлиб ўтганини билдирганди — қирғиз ҳукуматига кўра, Тожикистон чегарачилари «Тамдык» постини миномёт ва гранатомётдан ўққа тутган.

Қирғизистон чегара хизматига кўра, тожикистонлик ҳарбийлар Қирғизистоннинг «Тамдык» чегара пунктини гранатамётдан ўққа тутган.

«Бир кун ичида иккинчи марта, барча халқаро нормаларни бузган ҳолатда, тожик чегарачилари «Тамдык» чегара ўтиш пунктини ўққа тутишди. Отишма ҳозирда тўхтади, ҳодиса жойига икки тараф вакиллари келди», — деганди Қирғизистон чегара хизмати матбуот котиби Гулмира Борубаева Kloop.kg билан суҳбатда.

Қирғизистон ҳукумати талқинига кўра, можарога Каравшин дарёсига қувурларни ўрнатмоқчи бўлган Ворух анклавида жойлашган Бедак қишлоғи яшовчилари сабаб бўлган.

«Ноқонуний ҳаракатларни» олдини олиш мақсадида қирғиз чегарачилари осмонга қаратиб бир неча марта ўқ узган — бу ҳодиса жойидан узоқда бўлмаган тожик чегарачиларининг қирғизистонлик ҳарбийларга қарата ўқ узишига сабаб бўлган.

Тожик ҳукумати билъакс, отишма қирғиз чегарачилари тарафидан қувур ўрнатаётган «тинч аҳолини ўққа тутиш» орқали бошланганини билдирмоқда.

Қирғизистон ҳукумати ўзининг аскарлари ўқ узгани ҳақидаги маълумотни рад этмоқда.

«Қирғиз чегарачилари тинч аҳолини ўққа тутмайди», — деди Борубаева.

Турли талқин

Расмий Қирғизистон шунингдек отишма оқибатида инсон ҳалок бўлганини ҳам рад этмоқда.

«Тожикистон расман бу маълумотни тасдиқлаши билан, биз бу ҳақда гапира оламиз. Ҳозирги вақтда тожик ҳамкасблардан биз расмий билдирувлар олмадик», — деди котиб.

Можаро Қирғизистон ва Тожикистоннинг чегара масалаларини муҳокама қилиш музокаралари манзарасида ўтди.

Музокараларга кўра, Қирғиз ҳукумати 10 июл куни тожик анклавини айланиб ўтувчи йўл қурилишини қайта бошлаши керак эди.

Бу қирғиз ва тожик чегарачиларининг жорий йилдаги иккинчи қуролли тўқашуви.