Акаевнинг Қирғизистонга келгани тасдиқлангани йўқ

856

Собиқ президент Асқар Акаев акасининг жанозаси учун Қирғизистонга келгани ҳақидаги маълумотлар тасдиқланмади. 5 август куни эрталаб Бишкекка унинг кичик ўғли Илим учиб келди.

Акаевнинг кичик ўғли Илим 5 август куни саҳар Москвадан Бишкекка учиб келди.

«Озодлик» радиосининг махлумотларига кўра, уни собиқ бош вазир Кубаничбек Жумалиев бошчилигидаги бир гуруҳ инсонлар кутиб олган.

Айни пайтда, Акаевнинг ўзи Қирғизистонга келгани ҳақидаги хабар ҳозирча ўз тасдиқини топмади.

2005 йилда ҳокимиятдан қувилган Қирғизистон президентининг Қирғизистонга келиши ҳақидаги хабар 4 август куни тарқаганди. Акаев бугун, 5 август куни 82 ёшида оламдан ўтган акасининг жанозасига келиши кутилаётганди.

Аввалроқ собиқ президент ёқловчиси Икрамидин Айткулов Kloop.kg билан суҳбатда Асқар Акаевнинг ҳақиқатда Қирғизистонга келиш нияти борлигини ва бу масала «ҳал» қилинаётганини айтганди.

Ўз ўрнида, 4 август куни бош прокурор Аида Салянова агар собиқ президент Қирғизистонга келса, унинг яқинлари қатнашаётган жиноий ишлар юзасидан сўроқ қилинишини билдирди.

Асқар Акаевнинг Қирғизистонга келиши мумкинлигига президент Алмазбек Атамбаев ва куч тизимлари ўз муносабатини билдирганича йўқ.

Ҳокимиятдан қувилган президентнинг келишига «Ар-Намыс» ва «Ата Мекен» партиялари ледерлари — Феликс Кулов ва Ўмурбек Текебаев ижобий муносабат билдирди.

Улар фикрича, ҳукумат Акаевга ўз акаси билан хайрлашиши учун имкон бериши керак.

Биринчи президент

Асқар Акаев мустақил Қирғизистонни 1991 йилдан 2005 йилгача бошқарган биринчи президент.

Ўзининг бошқарув тизими орқали у кўпчиликка минтақадаги энг либерал лидер қатори танилганди.

2000 йиллар бошига келиб Акаев авторитар бошқариш тузумини шакллантиргани учун танқидга олинганди.  Бунга 2002 йилда Ақсидаги намойишчиларнинг отилиши ва унинг болалари Айдар ва Берметнинг депутат бўлиб сайланиши сабаб бўлганди.

Акаев 2005 йилги оммавий намойишлардан сўнг ҳокимиятдан қулаганди. Намойишчилар Қирғизистон пойтахти Бишкекка етиб келгач, у мамлакатни тарк этган ва ҳозиргача Москвада яшаб келади.