«Пора талаб қилган» милиция ходими лавозимидан четлатилди

819

Милиция капитани Жирғалбек Сарманов маршрут таксиси ҳайдовчисидан пора талаб қилгани учун ишдан бўшатилди. Унинг пора талаб қилаётгани тасвирга туширилган видео Қирғизистон интернет оламида катта баҳсга сабаб бўлганди.

Иссиқкўл области милицияси Сармановга нисбатан хизмат терговини бошлади — у маршрут ҳайдовчисидан 10 минг сом пора талаб қилганликда гумонланяпти.

Тергов вақтида капитанни вақтинчалик ишдан бўшатиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Милиционернинг маршрутка ҳайдовчисидан 10 минг сом пора талаб қилаётгани тасвирга туширилган видео интернет тармоғида 7 июл куни пайдо бўлди ва интернет фойдаланувчилар эътирозига олиб келди.

Видеода милиция ходими ҳайдовчидан 10 минг сом пора талаб қилгани, ҳайдовчи эса пулнинг фақат ярми эвазига қўйиб юборишни сўраётгани акс этган.

Сарманов маршрут ҳайдовчисини тўхтатиб уни милиция ходимига бўйсунмаганликда ва маст ҳолда автомобилни бошқараётганликда айблаб, маҳкамага топшириш билан қўрқитган.

Бироқ ЎшДУ талабаларидан иборат йўловчилар ҳайдовчининг маст бўлмаганини ва уни ДАН ходимлари ҳеч бир сабабсиз тўхтатганини билдирмоқдалар.