АҚШ ва Европа иттифоқи Қримда ўтган референдумга алоқадорликда айблаб Россиянинг 21 мулозимига нисбатан санкциялар жорий қилгани ҳақида эълон қилди.
Санкциялар жорий қилинган 21 кишининг тўлиқ рўйхати ҳали очиқлангани йўқ, бироқ рўйхатда Россия Федерация кенгаши етакчиси Валентина Матвиенко, Россия президенти ёрдамчиси Владислав Сурков, Путин маслаҳатчиси Сергей Глазьев ва ҳокимиятдан қувилган Украина собиқ президенти Виктор Янукович борлиги аниқ.
Қора рўйхатга Қрим Бош вазири Сергей Аксёнов ҳам киргизилган.
Мазкур мулозимларга нисбатан қўлланувчи санкцияларнинг ичида уларнинг АҚШ ва Европа банкларидаги ҳисобларини музлатиш ва бу давлатларга киришга таъқиқ қўйиш чоралари ҳам бор.
Литванинг ташқи ишлар вазири ўзининг «Твиттер»даги микроблогида яқин кунларда мазкур мулозимлар учун қўшимча чоралар эълон қилинишини ёзди.
АҚШ ва Евроиттифоқ россиялик мулозимларни Қримда Россия таркибига қўшилиш борасидаги ўтган референдумга алоқадорликда айбламоқда.
Санкцияларга дучор бўлган мулозимларнинг бири — Россия вице-премьери Дмитрий Рогозин — АҚШ ва Евроиттифоқ ҳаракатларига киноя билан муносабат билдирди.
«Хорижда мулки ҳам, банк ҳисоби ҳам йўқлар нима қилиши керак? Ёки сиз бу ҳақда ўйламадингизми ?» — деб ёзди у «Твиттерда» АҚШ президенти Барак Обамага мурожаат қилиб.
АҚШ, ўз ўрнида, Россияни қўшни Украинадаги «демократик жараёнга тўсқинлик қилишда» айблади — бу ибора санкция ҳақидаги баёнотда қўлланилади.
Қримдаги референдум
Якшанба куни Қримда ўтган референдумда қримликлар Россия таркибига қўшилиш учун овоз берганди.
Қрим ҳукумати маълумотларига кўра, референдумда овоз берганларнинг 95 фоизи Украина таркибидан чиқиб, Россияга қўшилиш учун овоз берганини билдирди. Украинанинг ўзи ва ғарб давлатлари мазкур референдумни тан олмади.
Қрим ҳукумати автоном давлатдаги сайлов участкаларининг ёпилишидан бир оз ўтиб унинг тақрибий натижасини билдирди.
Улар маълумотларига кўра, референдумга қатнашган 80 фоиз аҳолининг 95 фоизи Қримнинг Россия таркибига кириш учун овоз берган.
Бироқ, 16 март куни ўтган сайловда маҳаллий татарларнинг аксари иштирок этмади — улар Қримда руслардан сўнг турувчи энг кўп сонли миллат.
Қрим ҳукумати бугуноқ Россия таркибига қўшилиш учун ариза топширмоқчи.
Россия президенти Владимир Путин «Қрим яшовчилари танловини ҳурмат қилишини» билдирди.
Қримдаги референдум Россия дастаги остида ўтди.
«Референдум барча халқаро ҳуқуқ нормалари ва БМТнинг уставига монанд равишда ўтди», — деб ёзилади Россия президенти сайтида.
Украина ҳукумати, қримлик татарлар мажлиси ва ғарб ўлкалари Қримда ўтган референдум натижаларини тан олишдан бош тортмоқда.
Қримлик татарлар мажлиси бошчиси Рефат Чубаров референдумни «мазхарабозлар шоуси» ва «цирк» деб атади.
АҚШ эса референдумга Кремлнинг «ҳарбий интервенцияси» дея баҳо берди.