Бишкек ИИБси: фаолларга ҳужум «Худо йўқ» сўзидан сўнг бошланган

602

8 мартга атаб тадбир ўтказаётган фаолларга ҳужум «Худо йўқ» иборасидан сўнг содир этилган — бу ҳақда Бишкек Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабарлади.

Милиция матбуот хизмати ходими Ўлжўбай Казибеков Kloop.kg билан суҳбатда 8 мартга атаб ўтаётган  тадбир иштирокчиларининг бири Худонинг йўқлигини билдирганидан сўнг одамлар уларга ташланганини билдирди.

«Мана шу сабаб одамлар аччиқлана бошлаган. [...] Бундан сўнг тортиша бошлашган ва одамлар уларга: «Агар сиз мусулмон бўлсангиз, нимага Худони йўқ дейсиз» дейишган. Бу сабабли можаро келиб чиққан», — деди у.

Казибековга кўра, яқин атрофдаги милиция ходимлари атрофни текширишга кетгани учун, фаолларга ёрдам бера олмаган.

«Улар одамлардан қўрқиб милиция бўлимига қочишган, бироқ ҳуқуқ тартибот органи ходимлари у ерда бўлмагани учун, Ленин туман судига қараб қочишган», — дейди матбуот хизмати ходими.

Ўзини таништиришни истамаган Ленин туман суди ходими Kloop.kg билан суҳбатда маҳкама куч ишлатар тизим қаторига кирмаслигини билдириб, бировни ҳимоя қилиш улар зиммасида эмаслигини айтди.

«Ҳодиса иш вақтида бўлмади ва биз ёрдам беришга мажбур эмас эдик», —деди Ленин туман суди ёрдамчиси.

Унинг сўзларига кўра, улар хонасига соат кечки еттилар чамасида бир неча фаоллар югуриб кирган ва йиғлаб ёрдам сўрай бошлаган.

«Улар ортида бир тўп одам қувгаётганини айтиб, ёрдам сўрашди. Милицияга хабар беришганини айтишганди. 5 дақиқадан сўнг милиция уларни олиб кетди», — деди Kloop.kg билан суҳбатлашган маҳкама ходимаси.

8 мартга атаб акция ўтказган «СКью» феминист ташаббусининг ўзи Худо ҳақида сўз бўлмаганини билдирмоқда.

Фаолларнинг калтакланиши 5 март куни, Бишкекнинг Ўш бозори яқинида содир этилганди  — «СКью» ташаббус гуруҳининг сўзларига кўра, улар плакатларидаги аёллар гендерини англатувчи нишонни одамлар насронийлар ҳочи сифатида қабул қилган.

Ҳужум оқибатида 2 фаол калтакланган.