Қирғизистонга машина олиб келиб сотувчи тадбиркорлар давлатнинг Божхона иттифоқига қўшилганидан сўнг мазкур тижорат билан шуғуллана олмайди — бу фикрни премьер-министр маслаҳатчиси Олег Панкратов экспертлар муҳокамасида билдирди.
Ҳукумат аъзолари ва экспертлар гуруҳи Қирғизистон Божхона иттифоқига қўшилганидан сўнг автомобиллар импортига боғлиқ бизнеснинг талофат тортишини башорат қилди.
Иттифоққа қўшилишнинг оқибатлари муҳокамасида Бишкек ишбилармонлар клуби эксперти Айнура Чекирова савол қўйди: автомобиллар импортида кун кечираётганларни ҳукумат ҳимоя қила оладими?
«Россия автопроми ўз ишлаб чиқарувчисини ҳимоя қилишни талаб қилади. Ўз ўрнида савол туғилади: бизнинг ҳукумат автомобиллар импорти билан шуғулланаётганларни ҳимоя қила оладими?
Чекирова саволига жавоб берган премьер министр маслаҳатчиси Олег Панкратов автомобил масаласини «энг оғриқли» деб атади ва ҳукумат Божхона иттифоқига қўшилишда бу маслани тўғрилашдан ожиз эканини билдирди.
«Олиб кирилаётган автомобилларга солиқ ошади ва бу бизнес ҳозиргидек фойдали бўлмайди. Ҳозир бу билан шуғулланаётганлар бу ишни кейинчалик қила олмайди», — деди у.
Бироқ Панкратов Қирғизистон бозори автомобилларга тўла эканини билдириб, Қирғизистон иттифоққа қўшилгач истеъмолчилар ҳеч нарса йўқотмаслигини айтди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2013 йилда Қирғизистонга олиб кирилган молларнинг 25 фоизини автомобиллар тузган.