Қирғизистон «Рошен» конфетларида зарарли моддаларни топмади

604

IMAG0138_BURST002_COVER

Қирғизистон санитар эпидемологик назорати олиб борган тадқиқотлар Украинанинг «Рошен» конфетларида бензопирен моддаси йўқлигини кўрсатган. Айнан мана шу модда туфайли «Рошен» Россияда тақиқланганди.

Қирғизистон санитар эпидемологик маркази бошчиси Толо Исаков Kloop.kg билан суҳбатда унинг ходимлари «Рошен» конфетлари устидан тадқиқотлар олиб боргани ва улар таркибида рак касалига олиб келувчи бензопирен моддаси топилмаганини билдирди.

Соғлиқни сақлаш министрлиги матбуот хизмати тарқатган баёнотда Украина конфетларини текшириш учун супермаркетлар ва бозорлардан танлаб олинганини айтилади.

Министрлик маълумотларига кўра, Хитой, Украина, Қизоғистондан олиб кирилаётган истеъмол моллари аввал Қирғизистон лабороторияларида текширувдан ўтади.

«Текширувлардан сўнг лаборотория божхона хизматига истеъмол молидаги нуқсонлар ёки унинг талаблар ва санитар нормаларга жавоб бериши ҳақида хабарнома юборади», — дейди министрлик матбуот хизмати.

Қирғизистонда Украина конфетларининг текширилишига «Рошен»  ширкатининг Роспотреднадзор билан можароси сабаб бўлганди — Россия ҳукумати украиналик қандолатчи маҳсулотлари сифати талабга жавоб бермаслигини билдирган ва уларни Россияга киритишни умуман маън қилган.

Мазкур можародан сўнг Қирғизистон санитар эпидемик назорати бошчиси Толо Исаков Kloop.kg билан суҳбатда Украинадан келувчи барча конфетлар лабораторик тадқиқот орқали текширилишини билдирганди.

«Рошен» ширкатининг Қирғизистондаги вакили Анара Жапарова Kloop.kg билан суҳбатда улар маҳсулоти барча санитар талабларга жавоб беришини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, ширкат конфетлари ҳар йили керакли санитар текширувлардан ўтади.

«Бизнинг божхона органлари маҳсулот сифати ва давлат талабларига жавоб беришини далилловчи ҳужжатни кўрмагунича рўйхатдан ўтказмайди», — дейди компания вакили.

Жапарованинг билдиришича, «Рошен» конфетлари қирғиз қандолат бозорининг қарийб 40 фоизини ташкил қилади.

2013 йилнинг июл ойи якунида  Роспотребнадзор Украинанинг энг йирик қандолат ишлаб чиқарувчи ташкилоти маҳсулотларига тақиқ жорий қилди.

Роспотребнадзор бошчиси Геннадий Онишенко сўзларига кўра, «Рошен» ширинликлари давлат талабларига жавоб бермайди.

Онишенконинг билдиришича, компаниянинг сутли шоколади таркибида рак касалини юзага келтирувчи бензопирен топилган.

Россия таъқиқи ортидан «Рошен» ширкати маҳсулотларини Тожикистон, Қозоғистон, Молдова ва Белорусс ҳам текшира бошлади.