Жазога ҳукм этилган «Ата-Журт» лидерлари депутатликдан маҳрум бўлишлари мумкин

627

mamytov-tashiev-japarov

Марказий сайлов комиссия Олий суднинг «Ата-Журт» раҳнамоларига чиқарган ҳукми туфайли улардан депутатлик  мандати олиб қўйилиши мумкинлигини билдирди.

Марказий сайлов комиссияси бошчиси Туйгунали Абдраимов «Ата-Журт»нинг уч депутати — Камчибек Ташиев, Талант Мамитов ва Садир Жапаров — депутатлик мандатидан маҳрум бўлишини билдирди.

Абдраимов сўзларига кўра, депутатлик фаолиятини тартибга солувчи қонунда парламентарийлар судланмаган бўлишлари кераклиги кўрсатилган.

«Суд ҳукмини олганидан сўнг МСК аъзолари мазкур депутатлар мандатини бекор қилишни ҳал қилишлари керак. Агар судланганлик бекор қилинса, улар келаси сайловларда иштирок этиб, депутат бўлишлари мумкин», — дея МСК бошчиси сўзларидан иқтибос келтиради «АКИпресс»  ахборот агентлиги.

Марказий сайлов комиссияси бошчиси муовини Гулнара Журабаева Kloop.kg билан суҳбатда уларга Олий суд қарори келмаганини ва шу сабабдан мандатдан мосуво қилиш ҳақида гапиришга бироз эрталигини билдирди.

Олий суд ўз ҳукмини 6 август куни кеч чиқарди. Ҳукмни чиқариш учун судга икки йиғин кифоя қилди.

Қамчибек Ташиев ҳамда Садир Жапаров 1 йил ва 5 ойга қамоққа ҳукм қилинди — Олий суднинг бу ҳукми Биринчи май район суди депутатларга берган жазо муддатидан бир ойга кам бўлди.

Талант Мамитовга жазо чораси эса Биринчи май район суди чиқарган ҳукм билан бир хил бўлди ва у бир йиллик қамоққа ҳукм қилинди.

Депутатларнинг ҳар уччаласи ҳозир озодликда. Улар жазони 2012 йилнинг октябридан бошлаб 2013 йилнинг июнида қамоқдан чиққунларича ўтаб бўлган.

Уларнинг Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тергов изоляторида ўтиргани ҳисобга олиниб, у ерда ўтказилган бир кун икки кун ҳисобида саналган.

Олий суд ўзининг мазкур ҳукми билан 17 июн куни Бишкек шаҳар судининг депутатларни оқлов ҳукмини бекор қилди.

Ҳар уччала депутат «Кумтор» олтин конини миллийлаштириш борасида ўтказилган митинг пайтида ҳокимиятни босиб олишга ҳаракат қилганликда айбланди.

Депутатларнинг ўзлари ҳукмни сиёсий сабабларга кўра чиқарилганини билдирди, уларнинг адвокатлари эса ҳукм уларни депутатлик мандатини бекор қилиш мақсадида чиқарилганини айтмоқда.

«Биз бу ҳукмни улардаги депутатлик мандатини бекор қилиш мақсадида чиқарилганини тахмин қиляпмиз. Фақат шу ният билан ҳокимият ушбу қарорни олға сурди», — деди депутатлар адвокати Искендер Журабаев.

Депутатлар маҳкама жараёнида қатор қонунбузарликлар рўй берганини билдириб, Конституцион палатага мурожаат қилмоқчи эканларини билдирди.

Ҳукумат «ата-журтовчилар» танқидига муносабат билдиргани йўқ.