Покистон: Толибон ҳужумидан сўнг 200 маҳбус қамоқдан қочди

570

Dera-Ismail-Han

60 яқин полиция кийимини кийиб олган Толибон ҳаракати аъзолари Покистоннинг шимоли-ғарбидаги қамоққа ҳужум қилди. Маҳаллий ҳукуматга кўра, ҳужум оқибатида 200 маҳбус қамоқни тарк этишга эришган.

Покистоннинг Дера-Исмаил-Хан шаҳридаги қамоққа ҳужум қамоқ атрофидаги бир неча портлатувдан сўнг бошланганини Би-Би-Си хабарлади.

Сайтга кўра, бундан сўнг ҳужумчилар қамоқни пулемётлар ва қўлбола гранатометлар орқали ўққа тутган.

Амеериканинг Си-Эн-Эн каналининг ҳукуматдаги манбаларига таяниб хабар қилишича, ҳужумчилар биринчи қамоқ худудида электрни ўчирган ва бундан сўнг қамоқнинг турли тарафидан ҳужум уюштирган.

«Ассошиэйтед пресс»нинг маҳаллий ҳукуматга таяниб ёзишича, ҳужум пайтида жангарилар «Аллоҳ улуғ» ва «Толибонга узоқ умр» каби шиорларни ҳайқирган.

Расмий маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида 12 киши ҳалок бўлган, уларнинг тўрт нафари полиция ходими.

 

Қамоққа ҳужумни «Покистон толибон ҳаракати» ўз зиммасига олди. Покистонлик толиблар вакили Шаҳидауллаҳ Шаҳид 300 яқин маҳбуснинг озод қилинганини билдирди.

Бироқ Покистон армияси бу хабарни рад этди.

Покистоннинг «ARY» канали маҳаллий мулозимга таяниб қамоқдан 200 маҳбуснинг қочишга эришганини хабар қилди.

Уларнинг олти нафари машинада шаҳарни тарк этишга уринаётган пайт қўлга олингани хабарланди.

Қамоққа ҳужум Покистондаги президент сайловлари олдидан содир этилди.

Бу сўнгги олти ой ичида Покистон қамоқларига уюштирилган иккинчи ҳужум бўлди. Жорий йилнинг апрел ойида қамоққа уюштирилган ҳужум оқибатида 400 маҳбус қамоқдан қочишга эришганди.