Қозоғистон: «Байконур»да Россия ракетаси портлади

655

image

Қозоғистондаги космодромдан учиб чиққан Россиянинг «Протон-М» ракетаси ҳавога кўтарилганидан бир неча сония ўтиб портлади. Фожеа жойида қурбонлар йўқ.

Ҳалокатга учоқнинг мотори ўчиб қолгани сабаб бўлди — бу ҳақда Россия федерал космик агентлиги хабар қилди (Роскосмос).

Космик агентлик маълумотларига кўра, ҳодиса жойида вайронагарчиликлар ва қурбонлар бўлмаган.

Роскосмоснинг хабарлашича, ракета комплексдан учиб чиққанидан 17 сония ўтиб портлаб кетган.

«Интерфакс» ахборот агентлигининг «Байконур»даги ўз манбаларига таяниб хабар қилишича, ракетага старт берилгандаёқ унинг бошқаруви йўқотилган.

«Старт берилиши билан ракета титрай бошлаган [...] Ракета қулаган ерда унинг ёнилғисидан чиққан заҳарли моддалардан ташкил топган булутлар пайдо бўлди. Булут ғарб тарафга ҳаракатлана бошлагани учун, комплекс ходимлар олиб эвакуация қилинди», — дея ўз манбаси сўзларидан иқтибос келтирди агентлик.

Қозоғистон ҳукумати фожеа юзасидан шошилинч йиғинга йиғилди.

Йиғинда иштирок этган Қозоғистоннинг «Tengrinews.kz» ахборот агентлиги журналистлари ҳукуматнинг аҳолига ўз уйларидан чиқмасликни таклиф қилганини хабар қилди.

«Бойқўнғирга олиб борилувчи йўллар тўсилган, ҳеч ким уйдан чиқмаслиги, уйдаги деразаларни очмаслиги, чорвани ўтлатмаслигини сўраб, аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Дўконлар ва ошхоналар ёпиляпти», — деди Қозоғистон Ички ишлар министри Калмуханбет Касимов.

Аввалроқ ҳукумат йиғинида иштирок этган «Казкосмос» бошчиси Талгат Мусабаев портлаш оқибатида зарарли моддалар тўлиғи билан куйиб кетганини ва бундан сўнг ёққан ёмғир экологик таъсирни озайтирганини билдирганди.

Бу «Байконур»дан учиб чиққан ракетанинг биринчи марта қулаши эмас. Ҳудди шунга ўхшаш ҳалокат «Протон-М» ракетаси иштирокида 2010 йилда ҳам кузатилганди. Ўшанда ракета коинотга «Глонасс-М» навигацион аппаратини олиб чиқа олмаган эди. Спутниклар ва ракета қолдиқлари Тинч океанига қулаганди.

2007 йилда эса «Протон» ракетаси давлат президенти хизмат сафари билан борган Жезкарган шаҳрига қулаганди. Ўшанда ҳукумат ракетанинг қулаши 60 миллион доллар зарарни келтирганини билдирганди.