Ўртоқлик учрашуви: Эстония 1-1 Қирғизистон

664

2013-06-11_estonia-kyrgyzstan1-450x287

Футбол бўйича Қирғизистон миллий терма жамоаси меҳмонда Эстонияга қарши кечган ўртоқлик учрашувида дуранг натижани қайд этди ва ўз тарихида биринчи марта Европа жамоасига мағлуб бўлмади.

Мезбон жамоа Эстония термаси биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқада ўйиндаги ҳисобни очишга эришди — Сандер Пури жамоадоши Сергей Мошников узатиб берган тўпни дарвоза томон боши билан аниқ йўллади.

Бироқ мезбонлар шодлиги узоққа чўзилмади  — учрашувнинг 67 дақиқасида Қирғизистон футболчиси Мака Кум майдон марказидан ҳужум уюштириб ҳужумчи Девид Теттега тўпни аниқ узатиб берди. Ўз ўрнида Тетте эстонияликлар ҳимоясидан қочиб кетишга улгурган Вадим Харченкога тўпни узатди ва Вадимнинг аниқ йўллаган зарбасини эстониялик дарвозабон қайтаришга ожизлик қилди.

Таллин шаҳрининг «Ле Кок Арена» ўйингоҳида ўтган мазкур учрашув Қирғизистон термаси учун тарихий ўйин бўлди — ўзининг 20 йилдан ошиқ тарихи давомида терма жамоа бирор марта УЕФА таркибига кирувчи жамоа билан ўйинни мағлубиятсиз якунламаган эди.

Эстонияга қарши ўйин Қирғизистон терма жамоаси учун УЕФА таркибига кирувчи жамоага қарши олтинчи ўйин бўлди.

Сергей Дворянков шогирдлари Европа бўйлаб турнесини 14 июн куни Кишинёвда ўтувчи Молдовага қарши ўйин билан давом этдиради.

Қирғизистон терма жамоаси 2013 йилда қатор ўртоқлик учрашувларини ўтказишни режалаштирган. Улар орасида УЕФА таркибига кирувчи Озарбайжон ва Беларус жамоаларига қарши ўйинлар ҳам бор.

Қирғизистон Футбол федерациясининг хабар қилишича, мазкур ўртоқлик учрашувлари ОФК кубоги чақирув баҳсларига тайёргарлик доирасида ўтказилмоқда.

Қирғизистон термаси мазкур кубокда ғалабага эришса, ўз тарихида биринчи марта Осиё чемпионати финал баҳсларига йўлланмани қўлга киритади.

Қирғизиистон термасининг Европа жамоаларига қарши ўтказган ўйинлари:

  • 15.11.2000 й. Эстония 1-0 Қирғизистон (Курессааре, Эстония)
  • 05.07.2006 г. Қозоғистон 1-0 Қирғизистон (Олмота, Қозоғистон)
  • 07.03.2007 г. Қозоғистон 2-0 Қирғизистон (Чимкент, Қозоғистон)
  • 11.03.2007 г. Азербайджан 1-0 Қирғизистон (Чимкент, Қозоғистон)
  • 01.06.2012 г. Қозоғистон 5-2 Қирғизистон (Олмота, Қозоғистон)
  • 11.06.2013 г. Эстония 1-1 Қирғизистон (Таллин, Эстония)