Россиянинг КВН телеўйинида иштирок этувчи Қирғизистоннинг «Азия Микс» жамоаси «Голосящий КиВиН» мусиқий фестивалига йўл олади. Фестиваль 20 июл куни Латвиянинг Юрмала шаҳрида ўтади.
Қирғизистон жамоасининг фестивалда иштирок этишини «Фейсбук» ижтимоий тармоғидаги жамоа саҳифаси хабар қилди.
«Яқин кунларда биз Юрмалада ўтувчи “Голосящий КиВин” мусиқий фестивалига йўл оламиз. [...] Бундай бахтнинг айнан бизга кулиб боққанидан жуда хурсандмиз. Биз КиВиНни Қирғизистонга олиб келиш учун барча ҳаракатни қиламиз», — деб ёзилади жамоа саҳифасида.
КВН халқаро иттифоқининг расмий сайтида фестивалнинг 20 июлда ўтиши ёзилган.
«Голосящий КиВиН» — КВН жамоалари ўртасида Юрмалада ўтувчи мусобақа. Унинг ўзга КВН мусобақаларидан фарқи — жамоалар фақат бир мусиқий дастурни ҳавола этади ва бу учун махсус «КиВиН» совринларига эга бўлади.
«Азия Микс» қувновлар ва зукколар клуби Олий лигаси ўйинларида иштирок этаётган Қирғизистоннинг ягона жамоаси. У Россия, Украина ҳамда Беларуснинг 19 жамоаси билан биринчи ўрин учун беллашади.
Бишкек жамоаси КВНнинг Олий лигасига йўлланмани Россиянинг Сочи шаҳрида ўтган «КиВиН-2013» мусобақаларидаги омадли чиқишларидан сўнг қўлга киритганди.
«Қувноқлар ва зукколар» — машҳур юмористик ўйини 1961 йили СССРда пайдо бўлган.
1964 йилдан буён уни Александр Масляков олиб боради.
1971 йили ўйинда СССР устидан қилинган ҳазил учун у ёпилган.
Орадан 15 йил ўтиб ўйин қайта эфирга берилган ва шундан буён у собиқ Советлар иттифоқи худудида энг машҳур телевизион шоулардан ҳисобланади.