Намойишчилар учинчи кун Бишкек-Ўш йўлини тўсишда давом этяпти

765

20130603_110324
«Ата-Журт» партиясининг 200га яқин тарафдорлари Жалолобод областининг Сузоқ районидан ўтувчи Бишкек-Ўш йўлини тўсишда давом этмоқда. Намойишчилар ўз бошчиси Медер Усеновнинг қўлга олинганидан норози ва «Кумтор» олтин конини миллийлаштиришни талаб қилмоқдалар.

Йўлнинг тўсилиши туфайли 1,5 — 2 минг машина тирбандликда қолганини Жалолобод ИИМ бўлими ходими Таалайбек Сусунбаев билдирди.

Унинг хабар қилишича, 3 июндан 4 июнга ўтар тун тинч ўтган.

«Тун тинч ўтди. Йўл ёпиқ эди, ходимлар кучайтирилган тартибда ишлашди. Ҳеч бир қонунбузарликлар кузатилмади», — деди Сусунбаев.

У автойўлда қанча намойишчи иштирок этаётганини аниқ айта олмади.

«Айтиш қийин, у ерда 60-70 одам туради, қолганлари дам олади. Кейин эса алмашишади, уларда навбат бор», — деди ИИМ ходими.

Сусунбаев йўлнинг қачон очилишини билмайди. Митингчилар бошчилари  билан сўзлашувлар олиб бориляпти.

«Улар Медер Усеновни бўшатишни талаб қиляпти», — деди у.

Митинг ташкилотчиларидан бири Асан Шакиров Kloop.kg билан суҳбатда йўлдаги ҳолат «тинч» эканини тасдиқлади ва тунда ҳеч бир одиса юз бермаганини айтди.

Унинг маълумотларига кўра, йўл тўсишда 200га яқин намойишчи иштирок этяпти ва 2 мингдан ошиқ машина йўл очилишини кутиб тирбандликда қолмоқда.

Унинг хабар қилишича, Усенов қўйиб юборилгач митингчилар нафақат йўлни очишади, балки Жалолобод област маъмуриятини ҳам бўшатишга тайёр.

«Ата-Журт» партиясининг тарафдорлари 2 июн куни Бишкек-Ўш автойўлини тўсгандилар.

Улар талаблари аввалгидай — «Кумтор» олтин конини миллийлаштириш ва қамоқда сақланаётган «Ата-Журт» фаолларини озодликка чиқариш бўлиб қолмоқда.

Бу талабларга МХДҚ тарафидан қўлга олинган митингчилар бошчиси Медер Усеновни қўйиб юбориш ҳам қўшилди.

2 июн куни жалолободлик намойишчилар Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг маҳаллий биносини босиб олишга уринди, бироқ улар ҳаракатлари бензин қуйилган шиша идишларини бино тарафига ирғитиш билан чекланди.

Бир неча дақиқага чўзилган ҳужумдан сўнг намойишчилар Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига кириш ҳаракатини тўхтатиб, област маъмурияти биносига қайтди. Мазкур бино мухолафат тарафидан 31 май куни босиб олинган ва ҳанузгача улар ихтиёрида қолиб келмоқда.

Жалолободдаги митингларга Иссиқкўл областида «Кумтор» олтин конини миллийлаштириш борасида ўтказилган митинг сабаб бўлди. Мазкур коннинг етмиш фоизига Канаданинг «Центерра Голд» компанияси эгалик қилади.

Иссиқкўлдаги намойишчилар конга олиб борувчи ягона йўлни бир неча кун давомида тўсиб, кон фаолиятини тўхтатишга ҳам мажбур қилган эди.

30 май куни кечқурун митингчилар «Кумтор» конига электр энергиясини етказиб берувчи электр станциясини босиб олиб, конни электр тармоғидан узганди.

Иссиқкўллик намойишчилар ҳам «Кумтор» олтин конини миллийлаштиришни ва унинг фойдасидан кўпроқ қисми Иссиқкўл областига ажратилишини талаб қилганди.

Иссиқкўл областига борган ҳукумат бошчиси Жанторо Сатибалдиев митингчилар билан сўзлашувлар олиб борди ва оқибатда улар норозиклик акциясини тўхтатиб корхона қайта ишга тушди.

Сатибалдиев намойишчиларга «Кумтор» бошқариш тизимида ўзгартиришлар киритилишини айтиб, яқин кунларда қилоятга 120 миллион доллар сармоя жалб қилинишини ваъда қилди.

Бироқ бу Жалолободдаги митингларга ўз таъсирини кўрсатмади. У ердаги норозилик намойиши Иссиқкўлдаги  митингчилар тарқагандан сўнг янада шиддатлироқ тус олди.