Ҳалокатга учраган ҳарбий учоқ учувчилари номи аниқланди

701

kc-135_crash3-460x345
 

АҚШ мудофаа департаменти Қирғизистон шимолида қулаган KC-135 ёнилғи қуювчи учоқ экипаж аъзолари номларини очиқлади.

Самолёт бортида учувчи Марк Восс ва Виктория Пикни, шунингдек техник-сержант Герман Макилар бўлган.

Уларнинг барчаси Қирғизистонда юз берган авиафожеада ҳалок бўлган деб расман тан олинди.

Учоқ «Манас» аэропортидан учиб чиққач, қулаганди.

Самолётнинг қулашига нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум.

«Ҳалокат сабаблари ҳозирда ўрганиляпти», — деб ёзилади АҚШ мудофаа департаменти тарқатган баёнотда.

Самолёт қулаган жойдан олинган фотоларни кўриш

Ҳалок бўлган учувчилар Вашингтон штатининг Фэйрчайлд шаҳридаги ҳаво кучлари авиабазасига қарашли бўлган.

27 ёшли ҳар иккала учувчи капитан унвонига эга бўлган.

Гувоҳлар сўзларига кўра, улар бошқараётган самолёт Чалдовар қишлоғи яқинида осмонда портлаган ва бир неча қисмга бўлиниб ерга қулаган.

Учқич бўликлари катта масофага сочилиб кетгани туфайли, учувчиларни қидириш қийин кечганди.

Самолётнинг бош қисми тоғ устига қулаган ва қутқарувчилар тарафидан энг охирида топилганди — тоғнинг энг юқори қисмига қулаган учоқнинг бош қисми тўлиғи билан куйиб кетган.

Экипаж аъзоларининг тақдири кўп вақтгача мавҳум қолаётган эди — учоқ ҳалокатга учрагандан сўнг улар бедарак йўқолган деб тахмин қилинаётган эди.