Футбол бўйича Қирғизистон терма жамоаси ФИФАнинг апрел рейтингида 142 ўринни эгаллади — бу жамоа тарихидаги энг юқори кўрсаткичлардан бири.
Қирғизистон термасининг бундай муваффақиятига ОФК чақирув кубогидаги қатор уч ғалабаси сабаб бўлди. Ўшанда Сергей Дворянков шогирдлари Макао, Покистон ва Тожикистон терма жамоаларини доғда қолдирган эди.
Қирғизистон бундан аввал тарихидаги энг қуйи поғонада қолаётган эди. 201 ўринда бораётган жамоанинг 59 поғонага юқорилаши дунёнинг барча жамоалари ичида энг яхши кўрсаткич бўлди.
Рейтингда Қирғизистондан ортда қолган жамоалар ичида 144 ўринда бораётган қўшни Қозоғистон ҳам бор.
Қирғизистон Футбол федерацияси матбуот котиби Канат Асенов бу юқорилаш “кутилган” эканини билдирди.
«Биз бундан хурсандмиз. Жамоамиз уч рақиб устидан ғалаба қозонди. Рейтингда юқорилашнинг ягона сабаби — кўпроқ ўйин ва ғалабадир», — деди у.
Бунгача ФИФА рейтингида ҚИрғизистон термасининг энг яхши кўрсаткичи 2006 йилда қайд этилган эди — терма жамоа 2006 йилнинг август ойида 119 ўринни эгаллаганди.
Бироқ доимий ўйинларнинг йўқлиги туфайли, Қирғизистон термаси рейтингда қуйилаб бораверганди.
2012 йилда Қозоғистонга қарши бир ўйин ўтказиб ва уни ҳам мағлубият билан якунлаган Қирғизистон термаси ФИФА рейтингида тарихидаги энг қуйи поғона — 201 ўринга тушиб кетган ва Осиё давлатлари ичида энг сўнгги ўринда бораётган эди.
Футбол федерацияси маълумотларига кўра, йил сўнгигача Қирғизистон терма жамоаси камида уч ўртоқлик учрашуви ўтказади. Улар орасида Озарбайжон ва Белорус жамоалари билан беллашув ҳам режалаштирилган.
ФИФА рейтингида жамоаларнинг сўнгги тўрт йил ичида ўтказган ўйинлари ҳисобланиб боради. Янги ўйинлар юқорироқ коэффицент билан баҳоланиб боради.
Бундан ташқари, баҳоланишга ўйинлар нуфузи ҳам таъсир кўрсатади — масалан жаҳон чемпионатининг финал ўйинлари энг юқори баҳолар билан баҳоланади.
Авторы: Бектур Искендер