Ўш мэрияси шанбаликка чиқмаганларни жазолашни ваъда қилди

614

Ўш вице-мэри Иляз Ражапов икки ойлик шанбаликнинг ҳар кунида ўшликлар ўз уйлари атрофини тозалашга чиқишлари кераклигини айтди. Шанбаликдан бош тортганларни мэрия жазоламоқчи, бироқ ҳуқуқ ҳимоячилари буни давлат қонунларини бузиш қатори баҳолашди.

Ражапов ташаббуси Ўш шаҳри ва аҳоли пунктларини ободонлаштириш бўйича жорий ой бошида бошланган “икки ойлик” шанбаликлар доирасида янгради.

Ўш мэрияси 12 март куни “икки ойлик” шанбалик сўнггигача тозалаш ишлари ҳар куни давом этишини ва унда иштирок этишни хоҳламаган яшовчилар жазоланишини билдириб матбуот релизи тарқатди.

Вице-мэр Ражапов Kloop.kg билан суҳбатда шанбаликка иштирок этмаётган яшовчилар учун энг камида сув ўчирилиши мумкинлигини билдирди.

Бундан ўзга жарималар ўлчамини шаҳар мэрияси маъмурий ҳуқуқбузарликлар Кодексига мувофиқ аниқлашини айтди мулозим.

У шанбаликка чиқмаган шаҳарликлар айнан қайси моддани бузганликда айбланишини айта олмади, бироқ бу санитар нормаларга боғлиқ бўлишини қўшиб ўтди.

«Санитар ҳолатни бузганлик бўйича акт тузилади. Шаҳарда биринчи қоидабузарлик учун огоҳлантирувчи, иккинчиси учун эса жарима солиши мумкин бўлган маъмурий комиссия бор», — деди вице-мэр.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Толекан Исмаилова шанбаликка аҳолини зўрлаб олиб чиқишни “ахлоқ қоидаларига хилофлик ва фуқаролар ҳуқуқларини бузишлик” деб атади.

«Бу эски даврни, совет замонларида юзлаб одамларни мажбуран шанбаликка олиб боришганини эслатади. Қонунийликни бузган мутасаддилар жазоланиши керак», — дейди у.

Исмаиловани «Кылым шамы» ҳуқуқ маркази бошчиси Азиза Абдирасулова ҳам қўллайди. Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, шанбаликларни аҳолининг ўзи ўз хоҳиши билан уюштириши керак.

«Мажбурлаш тартибини қўлламаган бўлардим. Бироқ шаҳарликларнинг ўзалари тозалик Ўш шаҳрига эмас, балки ўзларига керак эканини билишлари керак», — дейди Абдирасулова.

Аммо вице-мэр Ражапов Ўш ҳукумати аҳолини тозалаш ишларига жалб этишнинг ўзга чорасини қолмагани учун бу қарорга қадам қўйганини айтади.

«Нега энди одамлар ўз уйлари атрофини тозаламаслиги керак? Агар уйи олдини тозаламаса нима қилиш керак? Албатта бу [сувни ўчириш] нормал ҳол, бироқ биз қонунга мувофиқ жарималар соламиз», — деди Ражапов Kloop.kg билан суҳбатда.

Kloop.kg мухбирларининг ўшликлар орасида олиб борган сўровномаси аҳолининг аксар қисми мэрия ташаббусига ижобий ёндошишини кўрсатди.

Ўш мактабларининг бирида ишловчи Элмира Кенешбаева шанбаликларга ўқувчиларни жалб этишни нотўғри деб ҳисоблайди.

«Ҳар бир одам ўз атрофини тозалаши керак. Кўп ҳолларда ўқувчиларни кўча тозалашга жалб этишади, ўқитувчилар дарсни узишга мажбур бўлишади», — дейди у.

Ўшлик Гулзат Газиева ҳам шанбаликларга ижобий ёндошишини, бироқ шаҳарни ободонлаштириш иш вақтида бўлмаслиги кераклигини айтади.

“Икки ойлик” ободонлаштириш доирасидаги биринчи шанбалик 4 март куни ўтказилди ва унга шаҳарнинг барча махсус техникаси жалб этилди.