«Фэйсбук»нинг мингдан ошиқ фойдаланувчиси Бишкек мэри истеъфосини "лайклади"

608

«Фэйсбук»нинг фойдаланувчилари бир кунни ичида Бишкекнинг амалдаги мэри Иса Омуркуловнинг лавозимидан кетиши учун мингдан ошиқ «лайк» беришди. Улар "лайклар" сони ўн мингга етганида мэрни истеъфога чиқишини сўрашяпти. Мэриянинг ўзи эса бу ташаббус “ҳеч нарсани билдирмаслигини” айтяпти.

Бишкек мэри Иса Омуркуловнинг сурати туширилган ва остига «Агар ушбу фото 10 минг лайк олса Омуркулов ишдан кетади» деб ёзилган расм 22 январ куни ижтимоий тармоқда тарқади.

Фото юқорида зикр қилинган ижтимоий тармоқдаги «Иса, кетсин» саҳифасида чоп этилган бўлиб, остига «Келинг текшириб кўрамиз!?» деб ёзилган.

Фейсбук фойдаланувчилари бу ташаббусни иштиёқ билан кутиб олишди — минглаб фойдаланувчи бу ташаббусни қўллаб, мэрга қарши овоз беришди, 500га яқин киши бу фотони дўстлари билан улашди ва 200га яқини фото остида шарҳ қолдирди.

Бироқ Бишкек мэрияси матбуот хизмати ходими Чинара Усупбаева Kloop.kg билан суҳбатда Омуркуловга қарши минглаб овоз жамлаган фото “ҳеч нарсани билдирмаслигини” айтди.

«Ўзингиз билгандай, ҳозир кўпчиликнинг интернетга киришга имконияти бор. Битта фойдаланувчи 10 марта овоз бермаганига ким кафолат бера олади? Қандай қилиб биз бу ҳақиқатда минг киши эканини айта оламиз?» — дейди Усупбаева.

У амалдаги мэр Иса Омуркулов қонун талаб қилгандай 2014 йилгача ишлашини билдирди.

«Бизда мэр халқ сайловлари орқали сайланмайди. Қонунга мувофиқ, шаҳар кенгаши мэр номзодини тасдиқлайди. Устига-устак собиқ кенгаш Омуркулов номзодини тасдиқлаган. Унинг хизмат ваколати яна тўрт йил давом этади», — деди матбуот хизмати ходими.

2010 йилдан буён пойтахтни бошқариб келаётган Иса Омуркулов Қирғизистон Интернетининг энг муҳокама қилинган кишиси ҳисобланади.

Омуркуловнинг бир қатор ҳаракатлари интернет фойдаланувчиларининг салбий муносабатига сабаб бўлган.

Масалан, «Иса, кетсин» саҳифаси муаллифлари мэр автоҳалокатда одамлар қурбон бўлишига сабаб бўлган ўғли Азаматнинг жазодан қутилишига ёрдам бергани учун лавозимини тарк этиши керак, деб ҳисоблашади.

Шунингдек, шаҳарлик интернет фойдаланувчилари мэрия ўрнатган гултувакларнинг қимматлигидан, йўллар ёмонлиги ва йўлакларнинг ноқулайлигидан нолишганди.

Ўз ўрнида мэриянинг ўзи Иса Омуркуловнинг шаҳар марказида бепул вай фай ўрнатгани, Ўш бозори яқинидаги кўчаларнинг тўлиқ таъмирдан чиқарганини мэрга қарши қўйилаётган айбловларга раддия қатори кўрсатади.

«Фэйсбук»нинг ўзи тақдим этган маълумотларига кўра, унда 100 мингдан ошиқ қирғизистонлик рўйхатдан ўтган.

Бу маълумотга ишонилса, унда мазкур ижтимоий тармоқ қирғизистонлик фойдаланувчилар орасида машҳурликда «Мой мир» ва «Одноклассники»дан сўнг учунчи ўринда туради.

Авторы: Азат Рузиев