Red Wings авиакомпанияси учоғи Москванинг «Внуково» аэропортига қўниш вақтида ҳалокатга учради. Россия Фавқулотда ҳолатлар вазирлигининг хабарлашича, ҳалокатда қурбон бўлганлар сони беш кишига етган.
Даставвал уч кишининг ҳалок бўлгани хабарланганди, бироқ Россиянинг Фавқулотда ҳолатлар министрлигининг тарқатган сўнгги маълумотларига кўра, қурбонлар сони яна икки кишига ортган.
Самолет ичида барчаси бўлиб саккиз киши бўлган.
«Самолётнинг ҳалокатида беш киши қурбон бўлди, уч киши жабрланди», — деб Россия ФҲМдаги ўз манбаси сўзларидан иқтибос келтирди «РИА Новости» ахборот агентлиги.
Авиаҳалокатда уч киши турли жароҳатлар олган. Жабрланганлар аҳволи оғир ёки жуда оғир деб баҳоланяпти.
Red Wings компаниясининг Ту-204 учоғи Чехиянинг Пардубице шаҳридан қайтаётиб ерга қўнгач, учиш-қўниш майдонидан чиқиб кетиб ёниб кетган.
Самолет бир неча бўлакларга бўлиниб «Внуково» аэропорти яқинидаги Киевский шоссесига етиб борган.
Би-би-сининг хабар қилишича, самолет бортида фақат экипаж аъзолари бўлган.