Маориф министрлиги қарорига қарамай Бишкекда ўқиш давом этяпти

660

Бишкек мэрияси Маориф ва фан министрлигининг қишки таътилларни узайтириш ҳақидаги қарорини бекор қилди. Мэрияга кўра, кунлар исигани ва ўқувчиларни аттестация қилиш лозимлиги қарорни бекор қилишга сабаб бўлган. Маориф министрлиги қарорни бекор қилишга мэриянинг ваколати йўқлигини айтмоқда.

Бишкек мэрияси қошидаги таълимни бошқариш бошқармаси шаҳар мактаблари орасида мониторинг олиб борган ва қишки каникулларни ўз муддатидан аввал бошлашга ҳожат йўқ, деган ҳулосага келган.

«Айниқса, ўқув планига мувофиқ қишки таътилдан аввал ўқувчилар аттестация қилинишлари керак», — деди шаҳар мэрияси матбуот хизмати ходими Kloop.kg мухбири билан суҳбатда.

Аввалроқ Маориф министрлиги мактаб таътили дастлаб режалаштирилган 30 декабрда эмас, балки 24 декабр куни бошланиши ҳақидаги қарор чиқарганди.

Министрлик бу қарорни қишнинг совуқ кунлари билан изоҳлаганди.

Бироқ Бишкек мэрияси шаҳарнинг барча мактаблари иситилаётгани, шаҳардаги ҳарорат кўтарилгани ва ўқувчиларнинг мактабга қатнашлари ўтган ҳафтада 85 фоизни тузганини таъкидламоқда.

«Бугун Бишкек шаҳридаги барча ўқувчилар ўқишяпти», —деб хабарлади мэрия матбуот хизмати.

Kloop.kg мухбири боғланган шаҳарнинг №6, №12 ва №13 мактаблари вакиллари ҳам бугун ишлаётганиларини ва йил охиригача ишлашда давом этишларини тасдиқлашди.

Маориф министрлиги: «Каникул бугун бошланади»

Маориф министрлиги мэрия қароридан норози ва шаҳар ҳукуматининг бу масалани ечишга ваколатлари йўқлигини билдиряпти.

Министрлик матбуот котиби Керез Жукеева мэриянинг ўқув планига аралашишга ҳаққи йўқлигини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, қишки таътилни чўзиш ҳақидаги қарор шифокорларнинг совуқ туфайли ўқувчилар орасида нафас олиш йўллари касаллиги кўпайиб бораётгани ҳақидаги гапларига асосланиб чиқарилган.

«Биз таътил кунлари 24 декабрдан 12 январгача бўлиши ҳақида расмий қарор чиқардик» —деди Жукеева.

Матбуот котиби шунингдек узайтирилган қишки каникуллар мактабларнинг ўқув жараёнига таъсир қилмаслигини, чунки бунинг эвазига баҳорги таътил қисқартирилишини таъкидлади.

«Барчаси ҳисобга олинган. Баҳорги таътил орқали ўқув соатлари бадали тўлдирилади. Мэрия молиялаштириш ва кадрлар масаласи билан шуғулланиши керак. Ўқув плани ҳақидаги масалани фақат министрлик ҳал қилади», — қўшиб ўтди у.