Давлат тили ҳақидаги қонунга ўзгартиришлар киритиш ташаббускори Надира Нарматова президент Атамбаевнинг танқидига қўшилмаслигини айтди. Нарматованинг таъкидлашича, у олға сураётган ғоя «халқни бирлаштиришга» қаратилган.
Президент танқидига муносабат билдирган депутат Надира Нарматова парламентда биринчи ўқувда маъқулланган давлат тили ҳақидаги янги қонун Қирғизистоннинг рус тилли аҳолисига таъсир кўрсатмаслигини айтди.
«Давлат тили ҳақидаги янги қонун лойиҳаси рус тилли аҳолига ҳеч-бир таъсир кўрсатмайди, билъакс халқни бирлаштиради», – деди Нарматова Kloop.kgга берган интервюсида.
Айни пайтда депутат қонун муаллифлари мамлакатнинг барча фуқороларида «масъулият» даражасини ошириш ниятида эканини ва шунинг учун аҳоли орасида баҳс-мунозарага сабаб бўлган қонунни таклиф қилганларини қўшиб ўтди.
Президент Алмазбек Атамбаев 24 декабр куни журналистлар олдида қилган чиқишида қонун лойиҳасини танқид қилганди.
«Агар мазкур қонун парламент тарафидан сизлар айтган ҳолда, яъни ким тилни билмаса унга маъмурий чоралар қўлланилади, дейилган ҳолда қабул қилинган бўлса мен унга имзо чекмайман. Чунки инсондан бир нарса талаб қилишдан аввал тилни ўрганишга имкониятлар яратиш керак», – деди Атамбаев.
Президент шунингдек Россия билан бўлган алоқа унинг сўзларига ўз таъсирини кўрсатмаслигини билдирди.
«Россия билан бўлган алоқаларга қарамай, бу аҳволда мен қонунга қўл қўймайман», – деди у.
Ўз ўрнида мамлакат бошчиси қонун лойиҳасини ўз кўзи билан кўрмаганини, бироқ у ҳақда интернетда ўқиганини тан олди.
Агар қонун лойиҳаси қабул қилинса, унда давлат хизматида ишлаётган амалдорлар ичида давлат тилини албатта билиши керак бўлганлар категорясини кенгайтиради.
Бундан ташқари, лойиҳага кўра бутун техник ва молиявий ҳужжатлар оригинали қирғиз тилида олиб борилиши керак бўлади.