Мамлакат бўйлаб ҳукм сураётган аёз туфайли Маориф вазирлиги қирғизистонлик ўқувчиларни мудддатидан беш кун аввал таътилга қўйиб юбормоқчи.
Узайтирилган таътил ҳақидаги маълумотни Маориф вазири маслаҳатчиси Эдил Молдоев Kloop.kg журналистига тасдиқлади.
«Совуқ туфали шундай қарор қабул қилинди», — деди у.
Унга кўра, таътил 24 декабрдан 10 январгача давом этади. Бироқ кейинчалик ўқувчиларнинг баҳорги таътиллари қисқартилиши мумкинлигини айтади маслаҳатчи.
Қишки таътилнинг якунланиш санаси ҳали аниқланмагани ва ўзгариши мумкинлигини билдирди Молдоев.
Бишкекнинг №14 мактаби завучи Эльмира Абдыкасымова министрлик қарорини ижобий баҳолашини айтди.
«Мактаблар совуқ, болалар эрталаб зўрға келишяпти. Чоракни қандай қилиб тугатамиз билмайман», — деди Абдыкасымова.
Қорақўлдаги №2 ўрта мактаб директори Динара Курбанова бутун Қирғизистон ўқувчиларига таътил беришнинг ҳожати йўқлигини айтади. Унга кўра, улар мактаби аёзли совуқ кунда ҳам иссиқ бўлади.
«Барибир Иссиқкўлда бундай совуқлар бўлмайди. Мактабимизда иситиш системаси яхши ишлайди, ҳатто минус ўттиз даража совуқда ҳам бизда иссиқ бўлади», —дейди у.
Аёзли совуқ Қирғизистонда бир ҳафтадан буён давом этяпти. Бишкекда салбий ҳарорат 12 декабр куни ўрнаган ва ўшандан буён ҳаво ҳарорати кундуз кунлари ҳам нолдан кўтарилмади.
Совуқ ҳарорат мамлакат шимолида жиддий энергетик бўҳронга сабаб бўлмоқда — Қозоғистон Қирғизистонга газ бериш миқдорини озайтиргани сабаб, кўпчилик уйларини иситиш учун электр энергиясидан фойдалана бошлади, бундай оғирликни эса электр тармоқлари кўтаролмай тармоқларда авариялар кескинлаша бошлади.