«Голос свободы»: суд ўшлик журналист Соипов қотиллиги юзасидан жиноий ишни октябрь охирида қайта кўриб чиқади

727


Суд ўшлик таниқли журналист Алишер Соипов қотиллиги юзасидан жиноий ишни октябрнинг сўнгги куни қайта кўриб чиқади, деб хабар берилади “Озодлик овози” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти сайтида.

Ўш шаҳар суди судьяси Рамазан Кожомкулов бу иш бўйича навбатдаги маҳкамани 31 октябрга белгилади. Бир неча кун аввал маҳкама иштирокчиларининг келмаганлиги сабабидан суд жараёни кечиктирилганди.

Эслатиб ўтамиз, 5 йил аввал, 24 октябрда ўшлик таниқли журналист Алишер Соипов ўлдириб кетилганди. Ўшанда у эндигина 26 ёшда бўлиб, ортидан аёли ва икки ойлик қизи қолган. Алишер 2007 йилнинг 24 октябрида ишдан қайтаётиб она шаҳри кўчаларидан бирида отиб кетилганди.

Дунё Алишерни Қирғизистондаги 2005 йил март воқеаларидан сўнг таниганди.

Қисқа вақт ичида Алишер бир неча халқаро ОАВларда мухбир бўлиб ишлаган (“Озодлик” ҳамда “Америка овози” радиоларининг ўзбек хизмати ва бошқалар), қатор таниқли нашрлар билан ҳамкорлик қилган, Фергана.ру ААнинг Қирғизистондаги вакили бўлган.

У нафақат Қирғизистонда, балки қўшни Ўзбекистоннинг чегара ҳудудларида ҳам тез оммабоп нашрга айланган ўзбек тилидаги “Сиёсат” газетасига асос солган.

Қотиллик юзасидан текширишни ўша вақтдаги Қирғизистон ИИВ ва ҳатто ўша пайтдаги президент Курманбек Бакиев шахсий назорати остига олганди.

2007 йил декабрида мамлакат махсус хизмати гумондорни қўлга олганини эълон қилди, бироқ кейинги йилнинг апрелидаёқ бу иш вақтинча тўхтатиб қўйилганди. Бир муддатдан сўнг ИИВ қидирув яна давом этаётгани хабарини берди.

Кейинроқ журналистнинг қотили сифатида Абдуфарит Расулов исмли собиқ милиция хизматчиси, шунингдек, гиёҳванд моддаларни сақлаш ва сотиш билан ҳам айбланган шахс қўлга олинган. 2010 йилнинг майида Расулов 20 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Бироқ журналистнинг отаси Аваз Соипов Алишер ўлдирилган куни Абдуфарит Расулов ўз ватани - Баткен вилоятининг Лайлак районида бўлганлигини тасдиқловчи материаллар тўплаган. Топилган видеоёзмалардан Расулов қотиллик содир бўлган кунда жиноят жойидан 400 км узоқдаги қариндошларининг тўйида қатнашганлиги кўринади.

2012 йил апрелида Олий суд жиноий ишни қайта кўриб чиқиш учун Ўш шаҳар судига жўнатди.
Бир йил аввал Қирғзистоннинг ўнлаб журналистик ҳамда ижтимоий ташкилотлари Алишер Соипов ўлдирилган кунни Сўз эркинлиги учун кураш куни деб эълон қилиш таклифи билан чиқдилар.

Ўша пайтдаги президент Роза Отунбаева бу ташаббусни қўллаганди. Бироқ ғоя амалга ошмади.

Алишер Соипов номи Вашингтондаги касбий фаолиятини бажариш вақтида вафот этган журналистлар хотирасига аталган “Журналистика музейи” мемориал доскасига қайд этилган.