Ташиев «Ата-Журт» етакчилигини топширди

399


Қамчибек Ташиев халқ билан кўпроқ ишлаш мақсадида мухолифат партия «Ата-Журт» етакчилигини топширди, дея хабар унинг ҳамкасби Талант Мамитов. Партияга энди Садир Жапаров етакчилик қилади.

«Ата-Журт» фракциясининг аксар депутатлари Қамчибек Ташиевнинг партия лидерлигидан кетиши учун овоз бердилар — унинг ҳамкасби Талант Мамитов Ташиев жамоатчилик билан кўпроқ ишлаш мақсадида ўз ихтиёри билан ваколатини топширганини маълум қилди.

Мазкур партия вакили Садир Жапаров «Ата-Журт»нинг янги лидери этиб сайланди.

«Ата-Журт»нинг яна бир вакили Қурманбек Осмоновнинг айтишича, у Ташиевнинг лидерликдан кетиши учун овоз берган.
«Ташиев қарори фракциянинг йиғинида эълон қилинди. Бу қарор кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлди», — деди Осмонов.
Ташиевнинг партиядошларидан бири Роман Шин унинг истеъфосини қўллади.

«Фикримча Ташиев тўғри қарор қабул қилди. Ўз хоҳиши билан ваколатини топширди», — дейди Роман Шин.

«Ар-Намыс» фракцияси депутати Айнура Алтибаеванинг эслатишича, Ташиев бунгача ҳам фракция етакчиси сифатидааги ваколатларини бир неча марта топширган.

«Яхши эслайман, Ташиев президентлик сайловларида иштирок этишни эълон қилгандан сўнг, фракция етакчилигини Садир Жапаровга топширган эди. Кейин эса етакчилик Миқтибек Абдилдаевга ўтди. Бу нормал жараён, бу ерда оламшумул воқеа сифатида қараладиган ҳеч нарса йўқ», — дейди Алтибаева.

СДПК фракцияси депутати Жусупали Исаев эса, Ташиевнинг ҳаракатидан таажжубда эканини яширмади.

«Мен тушунмаяпман. Фракция етакчиси ўз лавозимини тарк этди, менимча бундай воқеалар шунчаки бўлмайди», — дейди Исаев.

«Фракциядаги босим»

Сиёсатшунос Марс Сариевнинг талқинича, «Ата-Журт»нинг ичида «қарама-қаршилик» мавжуд.

«Фракция ичида инқироз бордек. Фикримча Садир Жапаров кузга, яъни жойларда партия фаолиятини мустаҳкамлашга ҳозирлик кўрмоқда», — дейди Сариев.

Яна бир сиёсатшунос Марат Казакпаевнинг сўзларига кўра, Жапаров Ташиевга қараганда анча маълумотли.

«Ташиев ўз лавозимини Садир Жапаровга топшириб тўғри қилди, чунки Жапаров Ташиевга нисбатан анча билимдон. У фракциянинг парламентдаги фаолиятини мувофиқлаштира олади», — деди Казакпаев.