“Ошгорводоканал”: “Юго-Восток” мавзеи ичимлик сувисиз қолиши мумкин

711



«Ошгорводоканал» муниципиал корхонасининг хабар қилишича, ердан фойдаланиш пайтида ер ости сувларига ифлос нарсалар тушиб қолса, бутун насос станциясини йўқ қилишга тўғри келади. «Юго-Восток» аҳолиси бу муаммони маҳаллий ҳокимият ҳал қилиши керак, демоқда. Мэриянинг ўзи бу вазиятни шарҳламаяпти.

Сув муҳофаза қилинадиган жой атрофига ноқонуний қурилишлар қилиш 30 минг кишини ичимлик сувисиз қолдириши мумкин, деб хабар беради насос станциясининг №7 ишлаб-чиқариш техника бўлими бошлиғи Софья Шевченко.

Унинг сўзларига кўра, бир киши “ноқонуний йўл билан” ерни сотиб олиб бошқа одамларга сотиб юборган.

Тўрт йил мобайнида насос станцияси худудидаги сув муҳофаза қилинадиган жойда “Оқбура” дарёси қирғоғида хусусий уйлар қурилиши олиб борилмоқда.

«Бу жойда уйлар қуриш, томорқа қилиб экин экиш, пестицидлар (заҳарли химикатлар) қуйиш, минерал ўғитлардан фойдаланиш, хожатхоналар қуриш мумкин эмас. Бу булоқ суви, биз уни тозаламай бевосита тармоққа етказиб берамиз», - деб тушунтирди Шевченко.

Шевченко ернининг ноқонуний эгаллаб олинишида мэрия ва шаҳар сув хўжалигини айблайди.

«Бу умумий айбимиз деб ҳисоблайман, мэрия ўз вақтида сув иншооти чегарасини ажратиб қўйиши керак эди», -дейди у.

Насос станцияси худуди давлатники ҳисобланиб, шаҳар сув хўжалигига тегишли. Шаҳар сув хўжалиги эса ўз навбатида мэриянинг бир бўлинмасидир.

Аммо мэрия барча масъулиятни “Ошводоканал”га ағдариб юзага келган вазиятни шарҳлагиси келмаяпти.

“Ошводоканал” бошлиғи Долотбек Кокочоровнинг тушинтиришича, сув муҳофаза қилинадиган жойда қурилишлар бошланганда улар прокуратурага қурилишларнинг тўхтатилиши тўғрисида ариза билан мурожаат қилишган.

«Ўшанда улар [қурилиш эгалари] қурилишни бошлаганларида, биз прокуратурага мурожаат қилганмиз, шу кунгача бу жараён давом этмоқда. У ерларга қурилиш материалларини ташишни бошлаганларида, биз дарров бу ерга қуриш мумкин эмас деб айтганмиз, лекин улар бизни эшитишни хоҳлашмади ва прокуратуранинг буйруғи бўлишига қарамай қурилишларни давом эттиришаверди», -дея таъкидлайди Кокочоров.

«Ноқонуний сотилди»

Сув муҳофаза қилинадиган ер Жапалак қишлоқ ҳукуматининг собиқ бошлиғи томонидан 2008- йили сотиб юборилган,- дейди ҳозир бу идорада ишлаётган Мойдун Ражапов.

Қурилишларга яқин жойда яшайдиган Жениш Исмаилов «Клооп»га берган нитервьюсида хусусий шахс томонидан мулк қилиб сотиб олинган ер ноқонуний эканлигини тасдиқлади. Унинг айтишича, ерни 2008-йили Ўш шаҳрида яшовчи Шатен Мажиев сотиб олган. Кейинчалик у ерни ўғли Жанибек Мажиевга қайта расмийлаштирган ва вафот этган.

«Клооп» мухбирлари учун қурилиш эгалари билан боғланишнинг иложи бўлмади.

Шунингдек маҳаллий аҳоли бу худудда қурилишлар бўлишига қарши эканликларини билдирмоқда.

«Юго-Восток» да яшовчи Шуҳратбек Акмакулов эса маҳаллий ҳокимият бу худудда қурилишлар учун берилган рухсатномаларни бекор қилиши керак, деб ҳисоблайди.

Бошқа яшовчи Бермет Сабирова насос станцияси худудида ер остидан сув олиб бериладиган иншоот борлигини билади ва бу ерга уйлар қуриш мумкин эмас, дейди.

«Бу қурилишлар сувнинг тозалигига ўз таъсирини кўрсатади, бу ерда қувурлар кўп, шунинг учун уйлар қуриш мумкин эмас», - дейди Сабирова.

«Ошгорводоканал» муниципиал корхонаси сув муҳофаза қилинадиган жойдаги ноқонуний қурилиш эгаларини судга берган. Ҳозир тергов ишлари олиб борилмоқда.