Уч патрул хизмати ходимлари (ППС) улар учун имтиёзлар борлигини айтиб, автобусда йўл кира тўлашдан бош тортганлар. Мэрия ходими Виктор Портной масала ОАВда овоза бўлмай ҳал бўлиши кераклигини айтди.
Воқеа гувоҳига айланган Миранинг айтишича, у Боконбаева ва Советская кўчалари кесилишида милиционерлар йўл кира тўлашни хоҳламаётган 42-автобусни кўрган.
Унинг сўзларига кўра, ҳуқуқ посбонларининг бири ҳайдовчи қўлини қайриб, уни «бўралатиб сўккан». Милиционерларнинг ўзлари эса тўламасликлари сабабини «бунга ҳақлари борлиги» билан изоҳлашга ҳаракат қилганлар.
«У [ҳайдовчи] пенсионерлар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари ва ёш болалар тўламасликлари ҳақидаги қарорни кўрсатди, лекин ППСчилар маст ҳолда эди», —дейди Мира.
Бундан сўнг воқеа жойига бир гуруҳ милиционерлар келиб, ўз ҳамкасблари тарафини олиб, уларнинг «ичмаганларини» исботлашга уринганларини айтади Мира.
«Биз уни [милиционерни]судмедэкспертизага олиб бормоқчи эдик, лекин у кўнмади. Пэпэсниклар у тарафда эди, уни хушёр эканини айтишди, бироқ ҳар дақиқада унга иккитадан сақич бериб туришди», —дейди гувоҳ.
Бишкек транспорт департаменти бош муҳандиси Виктор Портнойнинг айтишича, милиция ходимлари ижтимоий транспортда йўл кира тўлашлари керак, бироқ улар буни «шунчаки хоҳлашмайди».
«Мэрия қарорига биноан, барча куч тизимлари – МХДҚ [Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси], ИИВ [Ички ишлар вазирлиги], армия — барчаси йўл кира тўлашади», — деди Портной.
У шунингдек мазкур муаммо милиция тарафидан бу йил биринчи марта бўлмаётганини айтди. Эндиликда бу масала ҳукумат даражасида ечилиши кўзда тутилаётганини билдирди мэрия ходими. Мэрия Ички ишлар вазирлигига масала юзасидан хат юбормоқчи.
Муаллиф:Зарема Султанбекова