Қоракўл: Марказий сайлов комиссияси уч участкалардаги сайлов натижаларидан «шубҳаланмоқда»

811

Марказий сайлов комиссияси махсус вакили Светлана Мамедова Қоракўл шаҳар кенгаши сайлови ўтказилган 24 участкадан учтасидаги натижалардан «МСК шубҳаланаётганини» билдирди.

Мамедова ҳозирда Қоракўл ҳудудий сайлов комиссияси ушбу учта участкада овозларни қайта ҳисоблашни бошлаш учун МСК ходими ташрифини кутаётганларини айтди.

Қоракўл ҳудудий сайлов комиссияси масалага изоҳ беришдан бош тортди.

Марказий сайлов комиссияси аъзоси Алмаз Асманалиев МСК ўз вакилини вазиятни «юмшатиш» учун Қоркўлга юборишини тасдиқлади.

«Ким ва қачон бориши ҳақида ҳозирча мен ҳеч нарса айтолмайман», - деди Асманалиев.

У шунингдек сайлов натижалари бекор қилиниш ёки қилинмаслигига ойдинлик киритмади.

Қоракўлдаги ёшлар ҳаракати лидери биринчи бўлиб сайлов натижаларини бекор қилинишни талаб қилиб чиққан эди.

Марказий сайлов комиссияси аъзоси сўзларига кўра, агар сайлов натижалари бекор қилинадиган бўлса, унда участкаларда ҳуқуқбузарликларга йўл қўйган сайлов комиссиясига нисбатан «маъмурий ва жиноий жазо чоралари кўрилиши» мумкин.

У ҳуқуқбузарлик бўлган ёки бўлмаган деган саволга жавоб бермади, бироқ ҳозирда МСК сайлов жараёнидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги шикоятларни кўриб чиқаётганини хабар қилди.

Марказий сайлов комиссияси сайтидан олинган маълумотларга кўра, Қоракўлда 24 участканинг 21тасида 87,5 фоиз овоз ҳисоблаб чиқилган. Дастлабки маълумотлар 20 фоиздан зиёд овоз тўплаган социал-демократлар сайлов лидерига айланганини кўрсатди.

Қарийб 10 фоиз овоз тўплаган «Республика» партияси иккинчи ўринни эгаллади. Бундан бироз оз овоз жамлаган «Союз» сайловчилар гуруҳи рўйхатнинг учинчи ўринини эгаллаб турибди.

Сайлов натижаларига муносабат

4 март куни Қоракўл шаҳар кенгашида бўлиб ўтган сайлов овоз бериш жараёни тугашидан сўнг оммавий норозиликларга сабаб бўлди.

Ёшлар ташкилотлари сайлов натижаларини бекор қилишни талаб қилдилар. Норозолик намойиши давомида улар маҳаллий сайлов комиссияси жойлашган мэрия биносига бостириб кирдилар ва кузатувчилардан бирининг айтишича милиция ходимини дўппосладилар.

«Мэрия биносининг биринчи қаватига бостириб кириб, милиция ходимини дўппослаб тартибсизлик уюштирдилар», - деди қоракўллик кузатувчи Ақилбек Абдикадиров 4 мартда.

«Кыргызстан Жаштар Кенеши» ёшлар ташкилоти вакили Жениш Модокматов бўлиб ўтган воқеани тинч йўл билан ўтганини айтмоқда.

«Тош, таёқлар топилгани ва идора ишчиларининг калтаклангани — бунинг барчаси ёлғон», - дейди Модокматов.

Унинг сўзларига кўра, кечки соат еттида участка ёпилганидан сўнг уларни сайлов одилона ўтди, деб имзо чекишга мажбур қилганлар.

«Биз овозлар саналишида йўқ эдик, чунки жараённи кузатишимиз мумкин бўлган жойга бизларни киритишмади», - деди Модокматов.

Маҳаллий кенгаш сайловлари Қирғизистоннинг уч шаҳрида бўлиб ўтди – Ўш, Тўқмоқ ва Қоракўлда.

Ўшда кўпчилик овозни мэр Мелис Мирзакматовнинг - «Улуттар Биримдиги», Тўқмоқда эса «Республика» партияси эгаллади.

Муаллиф: Раим Досункулов ва Зарема Султанбекова