Қирғизистонда газ арзонлади

709

Қирғизистон энди қўшни Қозоғистондан газ ола бошлайди. Бу ҳақда Қозоғистон ҳукумати бошчиси Карим Масимов Бишкекдаги матбуот йиғинида билдирди.

Ҳукуматлараро сўзлашувлар чоғида тарафлар Қозоғистон зангори оловини Қирғизистонга арзон баҳода берилишига келишдилар. Ўз ўрнида Қирғизистон қўшни Қозоғистонни сув ва электр энергияси билан таъминлайдиган бўлди.

«Биринчидан биз учун зарур бўлган сув ва электр энергиясини сотиб олиш масаласини ҳал қилиб олдик. Мазкур келишим икки ўлка учун ҳам самарали бўлиши кутилмоқда. Шунингдек биз ўз тарафимиздан Қирғизистонни газ билан таъминлашни маъқул деб топдик», ― деди Карим Масимов.

Битимга кўра Қирғизистон 100 куб метр қозоқ газини 195 АҚШ долларидан сотиб оладиган бўлди. Бунгача Бишкек ҳудди шу миқдордаги газни қўшни Ўзбекистондан 310 доллардан сотиб олаётган эди.

Айни пайтда Ўш шаҳар газ чорвачилиги бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, мамлакат жанубида 420 оилага газ бериш тўхтатилган.

Бошқарма бошчиси Маматқалиқ Аматовнинг сўзларига кўра, мазкур оилалар газ тўловларини ўз вақтида олиб бормаганлар.

«Қарзларини тўлаган 114 хўжаликка қайта газ бериш тикланди. Эндиликда газдан 800 сомдан ошиқ қарзи бўлган ҳар бир хўжаликнинг гази ўчирилиши мумкин», ―деди бошчи.

Эслатиб ўтиш керакки, авваллари аҳоли учун бир куб газ 18 сом 42 тийиндан сотилган бўлса, эндиликда эса ҳукумат қарорига кўра 16 сом 41 тийиндан сотиладиган бўлди.

Мақола муаллифи: Саидмансур