Жалолобод ИИБси: Бизнинг милиционерлар Бишкек-Ўш трассасида ўтган митингда қатнашганлари йўқ

713

Ҳуқуқ ҳимоячиси Сардар Багишбековнинг Россия фуқоросини ўлдирганликда айбланаётган милиция ходимларини қўллаб митингга унинг ҳамкасблари ҳам чиқди деган иддаосини Жалолобод ИИБси рад этди. Қонунга мувофиқ, ҳуқуқ тартибот органлари ходимларининг митингларда иштирок этиши таъқиқланган.

«Голос Свободы» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Сардар Багишбековнинг хабар қилишича, Бишкек Ўш трассаси митингчилар томонидан бир неча соатга ёпиб қўйилган.

«Ораларида сезиларли даражада милиция ходимлари кийимидаги 200дан ошиқ одам икки соатлар чамаси митинг ўтказишди. Бунинг оқибатида трассада автомобиллар тирбандлиги юзага келди», — деди Багишбеков Kloop.kg билан суҳбатда.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг билдиришича, митингчилар Россия фуқороси Усмонжон Холмирзаевни ўлдирганликда айбланаётган Бозорқўрғон РОВДси бошчисининг собиқ муовини Кубан Нуриевни қўллаб норозилик акциясини ўтказганлар.

Мазкур жиноий иш юзасидан Бозорқўрғон РОВДсининг яна уч ходими Туташев, Исмаилов ва Мамаалиевлар ўтмоқда.

29 сентябрдан бошлаб Россия фуқоросини ўлдирганликда айбланаётган тўрт милиционер устидан маҳкама иши бошланди.
Судланувчилар Қирғизистон жиноят кодексининг бир қанча бандлари билан айбланмоқдалар.

Ҳуқуқ ҳимоячиси милиция ходимларининг ўз ҳамкасбларини қўллаб митингда иштирок этишлари ички ишлар бўлими ҳақидаги қонуннинг бузилиши эканини билдирди.

Қирғизистон Конституциянинг 7 банди «Ички ишлар бўлимида хизматни ўташ» моддасига мувофиқ, ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари норозилик акцияларини ўтказиш ва уларда иштирок этишлари таъқиқланган.

«Иштирокчилар қўлга олинганларнинг яқинлари эди»

Жалолобод вилояти ИИБ матбуот хизмати ходими Таалайбек Сусунбаевнинг хабар қилишича, норозилик акциясида 500га яқин одам иштирок этган ва уларнинг барчаси судланувчилар яқинлари бўлган.

«Улар [митингчилар] милиция ходимлари эмас, балки милиция ходимининг яқинлари. Улар қўлга олинганларни қўйиб юбориш ва уларга жазо чорасини уй арестига ўзгартириш талабини қўйдилар», —деди Сусунбаев.

Сусунбаевнинг билдиришича, норозилик акциясия митингчилар орасида юргизилган тушунтириш ишларидан сўнг тўхтаган.

«Митингга чиққанлар билан гаплашдик, йўлни тўсиб қўйиш нотўғри эканини тушунтирдик. Бу йўлда кўп инсонлар юришини ва улар ўз манзилларига етиб олишлари кераклигини тушунтирганимиздан кейин улар тарқаб кетишди», —деди Сусунбаев.

Холмирзаевнинг қўлга олиниши

«Голос Свободы» ҳуқуқни ҳимоя қилиш марказининг хабар қилишича, 7 август куни Холмирзаев уйига уч милиционер келиб уни кўчага олиб чиқишган ва мажбуран машинага солиб олиб кетишган.

Бироз вақт ўтгач Холмирзаев уйига қўнғироқ қилган ва «уни қаттиқ калтаклашганини ва ўлиши мумкинлиги»ни айтган.

Холмирзаев шунингдек милиция ходимлари 6000 доллар талаб қилаётганини ҳам айтган.

Унинг яқинлари 30 минг сом йиғишга муваффақ бўлганлар ва уларни милиция ходимларига берганлар.

Холмирзаевнинг рафиқаси Зулфия Холмирзаеванинг айтишича, унинг эри милициядан уйига калтакланган ҳолда келган ва қон сия бошлаган.

Олган тана жароҳатлари оқибатида Холмирзаев шифохонада кўз юмган.