Ўшда 50 яқин янги бекат қурилади

949

Янги бекатлар замонавий европа усулида безатилади. Лойиҳани ишга ошириш учун мэрия тарафидан 7,5 миллион сом ажратилган. Бекатларда жойлашган савдо нуқталари эгалари уларнинг шахсий мулклари кўчирилаётганидан норози.

Муниципиал мулк бошқармаси бошчиси Алимбай Кадировнинг хабар қилишича, қурилишлардан асосий мақсад бекатларни турли савдо нуқталаридан тозалаб, уларни европа давлатлари стандартларига мувофиқ қайта қуриш.

«Бекатлар ҳудди ривожланган мамлакатлардагидай бўлиши керак, масалан Финландиядагидек, Латвиядагидек. Халқимизнинг европаликлардан нимаси кам? Иккинчидан, бизда охирги пайтларда барча бекатлар савдо точкаларига айланиб кетди», —деди мутасадди.

Унинг сўзларига кўра, янги қурилиши режалаштирилаётган бекатларнинг ўрнидаги ноқонуний қуриб олинган савдо нуқталарини бузилади.

«Барчаси ноқонуний қурилгани учун, савдо точкалари кўчирилмайди. Ҳаммаси бузилади», —деди Кадиров.

Муниципиал мулк бошқармасидан олинган маълумотларга мувофиқ, қурилиши режалаштирилаётган янги бекатларнинг аниқ сони хозирча номаълум.

«5 октябргача 7,5 миллион сомлик бекатлар қуришни режалаштиряпмиз. Балки 45та, балки 65та бекат қурилади», —деди бошқарма бошчиси.

«Минглаб одамлар ишсиз қолади»

Ўз исмини ошкор қилишни истамаган шаҳардаги бекат соҳибининг айтишича, бекатларнинг кўчирилиши минглаб инсонларнинг ишсиз қолишига сабаб бўлиши мумкин.

«Бекатда ишлаган қанча одам ишсиз қолди. Ҳар битта бекатда уч, тўрттадан одам ишласини ҳисобга олса, жуда кўп инсон ишсиз қолиши тайин», —деди савдогар.

Бекатдаги савдо нуқталари солиқ тўлаш орқали давлат бюджетига жуда катта даромад олиб келишини қўшиб ўтди у.

Ўз исмини ошкор қилишни истамаган яна бир аёл ўз савдо растасини кўчирмасликларини умид қилаётганини айтди.

«Бизни кўчиришгани йўқ, лекин бузилган расталар эгаларига қийин. Бу расталарни тиклагунча озмунча меҳнат кетгани йўқ. Энди савдо изига тушиб бошлаганди», —дея нолиди аёл.

Янги бекатнинг эски камчиликлари

Муниципиал мулкни бошқариш бошчиси сўзларига кўра, шаҳарда тажриба қатори уч бекат ўрнатилган ва тузилган махсус комиссия мазкур бекатлар қурилишида бир қатор нуқсонларни аниқлаган.

«Қурдик, қараб кўрдик. Комиссия тарафидан жуда кўп танқидий мулоҳазалар билдирилди. Ушбу мулоҳазаларни инобатга олиб, бекатлар қайта қурилади», —деди Кадиров.

Бекатлар дизайнини ишлаб чиққан «Турар Дизайн» қурилиш компанияси директори Турар Нурматов ҳам янги бекатларнинг камчиликлари борлигини айтди.

«Бекатлар ўлчами билан бир бирларидан фарқланиши мумкин. Кўчаларга бир ҳил бекатлар ўрнатсак ҳам бўлади. Агар бирор бир бино ёнига ўрнатмоқчи бўлсак, ушбу бино дизайнига мувофиқ бекатни ҳам ўзгартиришимиз мумкин», —деди Нурматов.

«Бекатлар фойда келтиради»

Нурматов сўзларига кўра, бекатларда реклама лавҳари ва аҳлатдонлар ўрнатилади. Реклама лавҳаларини ижарага бериш орқали фойда олиш мумкин бўлади.

«Асосан реклама бокслари ўрнатилади ва ундан тушган фойдага кейинчалик бекатнинг ўзини таъмирлаш ишлари олиб борилади», —деди дизайнер.

«Авангард-стиль» компанияси архитектор-дизайнери Валентина Давидова ҳам реклама лавҳаларини ўрнатиш ғоясини маъқуллади.

Бироқ, архитектор фикрига кўра, бекатлар қурилиши учун ишлатилаётган қурилиш материаллари сифати «унча яхши эмас».

«Поликарбонат жуда нозик ва мўрт материал. Поликарбонатдан кўра, оддий Ҳитой шифер пластики яхшироқ», —деди Давидова.

«Эски бекатлар яхшироқ эди»

Иқтисодчи Эмил Бакиров Kloop.kg билан суҳбатда янги бекатлар қурилишига ижобий ёндошини айтиб, бекатларнинг кейинчалик тақдири уни кўпроқ ҳавотирга солаётганини айтди.

«Бу бекатлар қачонлардир бировларга сотилган ва уни сотиб олганлар ўз хоҳишларига яраша ўзгартиришган. Бу бекатлар энди кимга тегишли бўлади – шаҳар мэриясигами, ёки муниципиал мулк бўладими, ёки кимнингдир шахсий мулкига айланадими бу катта масала. Бу муаммонинг очиқ шарҳини ҳурматли мэриямиз шаҳарликларга айтмади», —деди Бакиров.

Талаба Умут Жолдошалиева янги бекатлар кичкиналиги туфайли унга ёқмаганини айтди.

«Охирги марта Ўш районига борганимизда тайёр бекатларни кўрдик, лекин менга ёқмади. Улар жуда кичкиналиги учун, на қуёшдан ва на ёмғирдан ҳимоя қилмайди одамни. Дизайн ҳам унчамас», —деди Жолдошалиева.