Ўшдаги ўзбек мактаблар қирғиз тилига ўтадими?

1052

Ўзбек мактаблари мутасаддилари ўзлари қирғиз тилига ўтишни таклиф қилмоқдалар — дея таъкидламоқда Ўш шаҳар таълим бошқармаси бошчиси. Қирғизистон таълим вазири муовини ва энг камида битта ўзбек мактаби бу ташаббусга қарши.

Ўзбек тилидаги китобларни етишмаслиги Ўшнинг ўзбек мактабларини қирғиз тилига ўтишининг асосий сабаби, дея таъкидлайди Ўш шаҳар таълим бошқармаси бошчиси Абдивали Балтабаев.

Унинг сўзларига кўра, ўзбек мактаб директорлари ўзбек тилида етишмаётган китобларни қирғиз тилида бўлса ҳам беришни сўрашмоқда.

«Улар [ўзбек мактаблари директорлари] етишмаётган китобларни ҳеч бўлмаса қирғиз тилида етказиб беришни сўрашяпти. Улар қирғиз тилини тушунишини айтмоқдалар. Чунки, ҳечдан кўра қирғиз тилидаги китобларни бўлса ҳам ўзлаштириш керак деган сўзни айтишяпти. Лекин, хозирча бу ҳақда расмий қарор йўқ», —деди Балтабаев.

Аввалроқ Озодлик радиосининг қирғиз хизмати ҳам ўзбек интеллигенциясига таянган ҳолда бу ҳақда хабар қилганди.

Радиога кўра, 15 кишини ўз ичига олган бу интеллигенция, ўзбек мактабларини аста секинлик билан қирғиз тилида ўқитишга ўтишни режалаштираётганини айтганлар.

«Биз давлат органларида ўзбеклари кам, деяпмиз. Агар биз давлат тилини билмасак, давлат органларида ўзбек нима қилсин», —дея шаҳар кенгаши депутати Аманулло Иминов сўзларидан иқтибос келтиради радио.

Радионинг хабар қилишича, Иминов ўзбек мактабларини қирғиз тилига ўтказиш ташаббускорларидан бири.

Ўш шаҳар биринчи вице мэри Таалай Сабиров бундай режалар борлиги айтиб, бунга асосий сабаб қатори қирғизистонлик ўзбеклар кирилл алифбосида, ўзбекистонликлар эса лотин алифбосида ўқишини айтди.

«Ўзбекистонда кирилл алифбосида китоблар чиқарилмай қолган. Бизда эса техник китоблар — физика, кимё, алгебра китоблари қирғиз тилида бор. Мазкур китоблардан асосан рақамлар жой олган. Шу тариқа уларни секин аста ўқитамиз», —дея ўз фикрини изоҳлади биринчи вице мэр.

Ўш шаҳар таълим бошқармасига кўра, Ўшдаги ўзбек мактаблари шаҳар мактаблари ярмини тузади. Шаҳарда 41 мактаб бўлиб, улар орасида 11 мактабда қирғиз тилида, 10 мактабда рус тилида ва 20 мактабда ўзбек тилида ўқитилади.

2010 йилнинг июн ойида Қирғизистон жанубидаги яшовчи қирғиз ва ўзбек жамолари ўртасида этник низолар бўлиб ўтган. Расмий маълумотларга кўра, фожеа 400дан ошиқ инсоннинг ўлимига сабаб бўлган.

Тўполонлар чоғида икки ўзбек мактаби ёндириб юборилган.

«Халқ орасида портлаш»

Ҳукумат вакиллари орасида ўзбек мактабларини қирғиз тилига ўтказиш ғоясига қаршилар ҳам чиқмоқда. Таълим вазири муовини Гулжигит Соронкуловнинг айтишича, ўзбек мактабларини қирғиз тилига ўтказиш «халқ орасида портлаш»га олиб келиши мумкин.

«Ўзбек мактабларини қирғиз тилига ўтказиш - бўлиши мумкин эмас», —деди муовин Kloop.kg билан суҳбатда.

Соронкулов сўзларига кўра, ўзбек мактабларидаги таълимни қирғиз тилига ўтказиш эмас, балки қирғиз тилидаги китоблардан фойдаланишни йўлга қўйиш керак.

«Бир ярим ой аввал мен Ўшнинг ўзбек мактабларидан бирида бўлдим. Мактаб ўқитувчилари менга умумий дарсликларни қирғиз тилидан ўзбек тилига таржима қилиш учун харажат қилишнинг кераги йўқлигини айтишди», —деди Соронкулов.

«Буни дискриминация қатори баҳолашлари мумкин»

Ҳуқуқ фаоли Абдимўмун Мамараимов Озодликнинг қирғиз хизматига билдиришича, ўзбек мактабларини қирғиз тилига ўтказиш мамлакатдаги миллатлараро алоқаларга ўз таъсирини кўрсатиши мумкин.

«Ўқувчилар ота оналари бу ташаббусни этник дискриминация қатори қабул қилишлари мумкин», —деди фаол Озодликнинг қирғиз хизматига берган интервьюда.

Ўшнинг №49 ўзбек мактаби директори Рано Жалолова ҳам ҳудди шу фикрда.

«Биз ҳали бу нарсага тайёр эмасмиз, чунки ўқувчиларимиз қирғиз тилини билмайдилар. Бунинг устига, ўқувчилар ота оналари норози бўлиб, бу ташаббус улар учун дискриминация қатори кўриниши мумкин», —деди Жалолова Kloop.kg билан суҳбатда.



Ўш яқинидаги Шарқ қишлоғида ёндириб юборилган №94 ўзбек мактаби директори

Ўшнинг Федченко номли ўзбек мактаби ўқитувчиси Мадина Сайдалимова сўзларига кўра, мазкур мактабда қирғиз тилидаги ўқув китобларидан фойдаланишга қисман йўлга қўйилган. Унинг айтишиа, кейинги йилдан бошлаб мазкур ўқув муассасаси қирғиз тилидаги бошланғиз синфни очишга тайёр.

«Қирғиз тилидаги китоблар билан ўқитувчилар ишлашяпти. Масалан тарих, география, биология ўқитувчилари календар планлари барчаси қирғиз тилида», —деди Сайдалимова.

Ўшликлар бу борада турлича фикрларни айтмоқдалар. Олий ўқув юрти муаллими Алмаз Акимбаев мактаблар орасидаги номутаносиблик, яъни ўзбек мактабларини кўплигини нотўғри деб баҳолайди.

«Мен миллатчи эмасман, лекин ижтимоий фанларни давлат тилида ўқитиш тарафдориман. Бу кечиккан, лекин жуда тўғри қарор», —деб ҳисблайди муаллим.

Айни пайтда, миллати ўзбек Мавлудаҳон Саидхўжаева болалари қирғиз тилини билмаганлари учун ўқишда қийналиб қолишларидан ҳавотирда.

«Болаларимиз қийналиб қолади», —дейди у.

Парламент қарори

Охирги кунларда Қирғизистонда мактаблар мавзуси актуал мавзулардан бирига айланган.

2011 йилнинг июн ойида Қирғизистон парламенти июн воқеаларини ўрганиш бўйича тузилган парламент комиссияси хулосаларига биноан, бир қатор қарорлар қабул қилганди.

Ҳукуматга таклиф қилинган тавсиялар орасида депутатлар «ўқув муассасаларини миллий мансубликка қараб бўлмаслик» ғоясини ҳам таклиф қилган.

Ўз ўрнида, парламент қарорларининг бир қанча бандлари бир қатор халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари тарафидан танқидга учраганди.

[poll id="2"]