Ўш кўчалари ёритилади

933

«Горсвет» электр тармоқлари корхонаси раҳбари Муҳиддин Мамасадиқовнинг сўзларига кўра, шаҳар кўчаларини ёритиш учун 1 миллион сом ажратилди. Маҳаллий яшовчилар шаҳарнинг барча мавзеларида чироқлар ўрнатиш кераклигини айтмоқдалар.

Kloop.kgга берган интервьюда Мамасадиков шаҳар кўчаларига чироқ осилган столбаларни ўрнатиш ишлари шаҳар яшовчиларнинг талабларига мувофиқ бошланганини айтди.

«Шаҳар яшовчилари кўчаларни ёритиш талабларини қўйдилар, чунки кўпчилик ишдан кеч қайтади. Шу сабабли, мэрия қошидаги шаҳар кенгаши бир неча кичик микрорайонларда чироқ осилган столбаларни ўрнатиш бўйича тендер эълон қилди. Бунга маҳаллий бюджетдан 1 миллион сом ажратилди», — деди Мамасадиков.

Унинг сўзларига кўра, июл ойида Жапалак айилидаги Курманжан-Датка кўчасига 20 та чироқ осилган столбалар ўрнатилади. Мазкур айилнинг бошқа чироқ столбалари таъмирдан ўтади.

«Турон шаҳарчасининг уч кўчасида ҳам чироқ осилган столбаларни қайта тиклаш ва янгилаш ишлари олиб борилади», — деди мутасадди.

«Горсвет» бош инженери Аликбек Торобеков сўзларига кўра, шаҳарда жами бўлиб 100 чироқ осилган столбалар таъмирдан ўтиши режалаштирилган.

«Ёритиш шаҳарда жиноятчиликни камайтиради»

Ички ишлар бош бошқармаси бошчиси Марат Орозбаевнинг фикрига кўра, чироқларини янгилаш лойиҳаси шаҳардаги фавқулотда ҳолатларнинг камайишига сабаб бўлиши мумкин.

«Ёритгичларни ўрнатиш лойиҳаси шаҳарда йўл ҳаракати қоидалари бузилиши ва жиноятчиликнинг камайишига олиб келади», —деди Орозбаев.

Ўшниг «Черемушки» мавзеи яшовчиси Умида Гадаппаева Орозбаев фикрига қўшилишини айтиб, айниқса улар яшаётган район ёруғликка мухтож эканини айтади.

«Урушдан кейин [2010 йилдаги этник конфликт] кўчага чиқиш хавфли бўлиб қолди, чунки атроф зимистон. Агар мэр Мирзақматов бизга ёруғлик ўрнатиб берса яхши бўларди», —деди Гадаппаева.

«Чироқлар барча кўчаларда бўлиши керак»

«Студенческая жизнь» нашри муҳаррири Динара Чекирова сўзларига кўра, чироқ осилга столбалар нафақат шаҳар чекка жойларида, балки марказий кўчаларда ҳам ўрнатилиши керак.

«Мен Калинин кўчасида яшайман. Бизни кўча умуман ёритилмайди. Агар ушбу лойиҳани давом этдириб шаҳар марказини ҳам ёритишса янада яхши бўларди», —деди Чекирова Kloop.kg билан суҳбатда.

Савдогар Жанна Стегачева ҳам шаҳарнинг яхши ёритилмаётганидан нолийди.

«Шаҳарни ёритиш ишлари жуда ёмон кечяпти, агар уй эгалари ўз уйи чироқларини ёқиб қўйсалар йўл ёруғ, ўчирса йўл қоронғу», —дейди Стагачева.

Ўшнинг «Юго-Восток» райони яшовчиси Айим Алмазбекова ҳукумат чироқлар ўрнатгандан кейин ўшликлар ҳудди пойтахтдагидай кечалари ҳам сайрларга чиқиши мумкин бўлишини айтади.

«Ваниҳоят ҳукумат чироқлар ўрнатишга киришди. Бу шаҳарнинг катта муаммоларидан бири эди. Чунки, кечалари кўчага чиқиб сайр қилгинг келади. Бишкекда кўчалар яхши ёритилгани учун, шаҳарда кечалари бемалол сайр қилиш мумкин», —дейди Айим.