Ёндириб юборилган ўзбек мактаби ўрнига тиббиёт маркази қурилади

980

Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш дирекциясининг хабар қилишича, бир йил аввал бўлиб ўтган этник низолар чоғида ёндириб юборилган мактаб ўрнига қурилаётган тиббиёт маркази маҳаллий яшовчилар талабларига биноан қурилмоқда. Мактаб собиқ ўқувчилари ота – оналари ўқув масканини қайта тиклаш керак деган фикрда.

Шаҳар таълим бошқармаси муовини Асан Артикбаевнинг сўзларига кўра, тартибсизликлар чоғида ёндириб юборилган ўзбек ёзувчиси Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий номидаги № 13 мактабни «қайта тиклаш мумкин эмас».

«Агар мактаб янгидан қуриладиган бўлса, уни стандартларга мувофиқ – спорт майдончалари билан қуриш керак. Спорт майдончаси учун эса жой йўқ», —деди мулозим.

Мазкур илм маскани куйиб кетгандан кейин ота оналарининг рухсати билан мактаб ўқувчилари Ўшнинг бошқа ўқув масканларига кўчирилди. Ҳамза мактабида 520 ўқувчи таълим оларди.

Ўш ва Жалолобод шаҳарларини қайта тиклаш давлат дирекциясининг билдиришича, тиббиёт маркази қурилиши Туркия ҳукумати томонидан молиялаштирилмоқда.

Давлат дирекцияси матбуот котиби Мелис Эрназаровнинг айтишича, тиббиёт марказининг қурилишига бир миллион 300 минг АҚШ доллари сарфланади.

«Бино икки қаватли бўлади. Қурилиш май ойида бошланган, етти ойдан кейин эса қурилиб битиши режалаштирилган», — деди Эрназаров.

Тиббиёт марказида айнан қайси мутахассислар ишлаши хозирча ноаниқ.

Ота - оналар шикоятлари

Кўпчилик ўқувчиларнинг оилалари ёндириб юборилган мактаб ён атрофида яшайдилар.

Ўғли Ҳамза мактабида ўқиган Рано Юсупова сўзларига кўра, ўқувчиларнинг ўз уйларидан йироқдаги бошқа мактабларга кўчирилиши бир қатор ноқулайликларни келтириб чиқармоқда.

«Мактабни қайта қуриш керак эди, чунки ота оналарга болаларини ўқишга олиб бориш қийин кечяпти», — деди Юсупова.

Ёндириб юборилган мактаб собиқ ўқувчисининг онаси Одина Исломбаева фикрига кўра, ўз мактабларидан бошқа мактабларга кўчирилган ўқувчилар дарсларга қатнамай қўйганлар.

Унинг айтишича, баъзи ўқувчилар бошқа шароитга кўника олмай ўқув жараёнидан ортда қолмоқдалар.

«Менинг ўғлим аъло баҳоларга ўқирди. Ҳатто, синф президенти ҳам бўлган. Уни бошқа мактабга кўчиришгандан кейин у дарсларга бормай қўйди. Мен зўрға уни ўқишга кўндирдим, лекин барибир у ўз синфдошларидан ортда қоляпти», —дея безиллайди она.

Нафақахўр Тамара Турдуева ота - оналар сўзларига қўшилмаслигини айтиб, тиббиёт маркази қурилиши кераклигини айтади. Унинг сўзларига кўра, ёндириб юборилган мактаб яқинидаги поликлиника талабларга жавоб бермайди.

Бироқ, Турдуева ҳам ўқувчиларнинг бошқа мактаб шароитига кўнишлари ва узоқ йўл юришлари кераклиги муаммо эканини айтади.

Савдогар Токтогул Эргешов янги тиббиёт маркази қурилишига хурсанд эканлигини айтиб, ўқувчиларни бошқа мактабларга кўчиририлганини тўғри, деб ҳисоблайди.

«Мен мактаб ёнида кўп йиллардан бери савдо қиламан. Бу катта мактабда ўқувчилар сони унчалик ҳам кўп эмаслигини сезганман», —деди Эргешов.

Чойхона ўрнидаги мактаб

Шаҳар таълим бошқармаси муовини Асан Артикбаев сўзларига кўра, Қирғизистон жанубини қайта тиклаётган ривожлантириш ва техник ҳамкорлик бўйича Халқаро агентлиги Ҳамза мактаби ўқувчилари учун эски чойхонани таъмирлаш ва уни мактабга айлантириш учун янгидан жиҳозлашга пул ажратган.

Маҳаллий ҳукумат вакилларига кўра, эски чойхона, эндиликда мактабга айланган бинога Ҳамза мактабинг бошланғич синф ўқувчиларини жойлаштирганлар. Янги ўқув масканини Владимир Ленин номи билан номланган.

Июн воқеалари чоғида №13 мактабдан ташқари яна икки ўзбек мактабларига ҳам турли зарарлар етказилган. Жумладан, Ўшдаги Владимир Ленин ва Қорасув туманидаги Лев Толстой мактаблари.

Расмий маълумотларга кўра, бир ийл аввал рўй берган этник тўқнашувлар натижасида 427 киши оламдан ўтган ва икки мингдан зиёд инсонлар турли жароҳатлар олганлар.

Бундан ташқари, тартибсизликлар чоғида икки мингга яқин тижорат масканлари ва корхоналар зарар тортганлар. Ҳукумат келтирилган зарарни 2,2 миллиард сом дея баҳолаган.