Бишкекда жанубдаги тинчликни қўллашга қаратилган акция бошланди

1004

2011 йилнинг 21 - 24 июн кунлари давлат тизимлари вакиллари қайта тикланаётган Ўш ва Жалолобод вилоятларига «Эзгулик ташаббуси: Бахт ҳаммага етади!» тинчлик акцияси билан ташриф буюради.

Тадбир уюштирувчиларидан бири Каданбай Бактыгуловнинг сўзларига кўра, тадбир миллатлараро тинчлик, дўстлик, бирликка чақиришга қаратилган.

«Агар тинчлик, дўстлик бўлмаса қурилиш, тикланиш, ривожланишнинг нима кераги бор? Биз шаҳарликларни биргалашиб қайта тиклашга, қуришга, ривожлантиришга, мамлакатимиз ободонлиги учун курашишга чақирмоқдамиз», —деди Бактыгулов Kloop.kgга берган интервьюсида.

Ушбу тадбир Бишкекда концерт турида бўлиб ўтиб, уюштирувчилар томошабинларни халқлар дўстлигига чақирдилар.

Тадбир Ўш ва Жалолободда уч кун давом этиб, унда шанбаликлар, болалар ўртасида асфальтларга сурат чизиш бўйича мусобақалар бўлиб ўтади.

Тадбир якунида устига «Тинчлик, дўстлик, ижод, ривожланиш» деб ёзилган шарлар осмонга учирилади.

Томошабинлар фикри

«Билайн» уяли алоқа ширкатининг жамоатчилик билан боғланиш бўлими бошчиси Татьяна Шахин бу каби ижтимоий тадбирлар миллатлараро келишмовчиликка барҳам бериш ва барқарорликни ўрнатиш учун жуда муҳимлигини айтади.

Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист Айчурок Иманалиева Kloop.kgга берган интервьюсида ер юзида «ёмон миллат» бўлмаслигини, улар орасида «ёмон одам» бўлишини айтди.

«Мен барча Қирғизистон фуқароларига инсоний бахт, доимо тинчлик ва дўстликда яшашимизни тилаб қоламан», —деди Иманалиева.

Пенсионер Ольга ҳола бўлса жанубни қўллашга қаратилган бу тадбирни «жуда зўр» ғоя дея баҳолади.

«Концерт асосий нарса эмас, асосийси бу тадбирдан бирор бир фойда бўладими? Умид қиламанки, ушбу тадбир мамлакатимизда тинчликнинг бошланиши бўлиб хизмат қилади», — дейди ҳола.

Яна бир томошабин Алмазнинг фикрига кўра, тадбир барча қирғизистонликлар учун «янги ҳаёт»нинг бошланиши учун сабаб бўлиши мумкин.

«Ҳар бир инсон тинчлик учун ўз ҳиссасини қўшиши керак. Бирлик учун барчамиз ишонишимиз ва у учун биргалашиб ҳаракат қилишимиз керак», — дейди Алмаз.