Бишкекда «Сиёсий сатира» конкурси бўлиб ўтди

1065

«Сиёсий сатира» видеороликлар танлови 17 июн куни Бишкекда бўлиб ўтди. Танловда томошабинлар эътиборига ҳавола этилган 67 видеоролик ичида Арсений Маркелов ўзининг Қирғизистон президенлари ҳақидаги «Мамлакат ўйинчоқ эмас» сатираси билан биринчи ўринни эгаллади.

Шунингдек, Маркеловнинг сатираси «Томошабинлар симпатияси соврини»ни ҳам қўлга киритди.

Маркеловнинг сўзларига кўра, унинг видеоролигида мамлакат президентлари ўйинчоқлар орқали кўрсатилган.

«Мен шунчаки бизнинг ўлкада сиёсий ишлар қай тариқа олиб борилишини кулгили формада кўрсатмоқчи бўлдим. Одамларнинг ҳокимиятни қай тариқа босиб олаётганини ўйинчоқлар орқали кўрсатиш жуда кулгили», —деди танлов ғолиби Маркелов Kloop.kgга берган интервьюсида.

Унинг айтишича, видеороликлар сиёсатчилар томонидан «оддий кўриниш» қатори қабул қилинади.

Маркеловнинг видеорогини бу ердан кўринг

Танлов томошабинларидан бири Бектур Осконалиевнинг фикрича, танлов «юқори даражада» ўтди.

«Иштирокчилар сони унча кўп бўлмасада, лекин ҳакамлар ҳайъати жуда одилона иш олиб борди. Улар [ҳакамлар ҳайъати] ғолибни аниқлаш учун жамиятдаги барча факторларга эътибор қаратдилар», — деди Осконалиев.

Унинг фикрича, сиёсий сатира келажакда сиёсатчиларга ўз таъсирини кўрсатиши мумкин. Депутатларни қилаётган ҳатти ҳаракатлари устидан ўйлантириши, келажакдаги мумкин бўлган коррупция ёки номақбул ҳаракатлардан қайтариши мумкин.

Бироқ танловнинг бошқа бир мухлиси Евгения Ершова бу фикрга қўшилмаслигини, депутатларга «ҳеч нарса таъсир ўтказолмаслигини» айтади.

«Хозирги кунда одамларнинг қўзғалонлари ҳам бизнинг депутатларга ўз таъсирини кўрсатолмай қолган. Шунинг учун бу танлов биз мухлисларни ҳордиқ чиқариб, дам олишимиз учунгина», — деб айтди Ершова.

Депутатлар фикри

ҚСДП фракцияси депутати Замирбек Алимбеков бу каби сиёсий сатираларга бағишланган танловларга умуман қарши эканини айтди.

«Қирғизларнинг менталитети европа халқлари менталитетидан фарқ қилади. Қирғизлар учун иззат нафс биринчи ўринда туради, шунинг учун ҳамманинг кўз олдида сиёсатчилар устидан кулиш ноўрин. Бу каби сатиралар нафақат сиёсатчи номига, балки унинг қариндош уруғларига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин», —дея ўз фикрини изоҳлади депутат.

Бироқ «Республика» фракцияси депутати Назарали Арипов ҳамкасби Алимбеков фикрига қўшилмаслигини айтиб, сиёсатчилар «танқидга чидамли» бўлишлари кераклигини билдирди.

«Ата-журт» депутати Азамат Арапбаев ҳамда «Ар-Намис»лик Нуржан Нуралиевлар ҳам «Сиёсий сатира» танлови уюштирувчиларини қўлладилар.

«Сиёсатчилар халқнинг сўзини эшитиш учун ҳокимиятга келадилар. Мен ҳеч қачон бу каби тадбирларга қарши бўлмайман ва келаси сафар агар шундай тадбир бўлса шахсан бориб кўрган бўлардим», — деди Арапбаев

Конкурс иштирокчиларини танлаш

Сиёсий сатира танловини «Сан Пипл» ижодий уйишмаси томонидан АҚШнинг халқаро ривожлантириш агентлигининг (USAID) «Янгиланиш» акцияси қўллови остида уюштирилди.

Уюштирувчилар сўзларига кўра, тадбирда иштирок этишни хоҳлаганлар апрель ойидан бошлаб икки ой мобайнида ижтимоий «ҳасталик»ларни акс эттирган қувноқ бир ролик учун сценарий ўйлаб топишлари ва уни видеога олиб Namba.kg порталига жойлаштиришлари керак эди.

Конкурс якунига кўра, 67 видеороликдан 12 ролик танлаб олинди ва тадбир ғолиблари видеокамера, қўл телефони, телевизор, ноутбук каби совринлар билан мукофотландилар.

Ҳакамлар ҳайъати аъзоси Гуласал Ногойбаеванинг сўзларига кўра, сиёсий сатираларга бағишланган конкурс «қониқарли даражада» ўтди.

«Биз роликлар орасидан конкурс шартларига биноан қўйилган талабларга қараб танладик. Биз танлаган роликлардан ҳам яхшироқлари бор эди, бироқ улар бизнинг талабларга жавоб бермагани учун уларни танлай олмадик»,— деди Ногойбаева.

Унинг сўзларига кўра, «Сиёсий сатира» уюштирувчилари бошқа вилоятларда ҳам бу конкурсни ўтказишни режалаштирмоқдалар.

«Биз Ўш ва бошқа вилоятлардан 200дан ошиқ иштирокчи бўлади деб ўйлагандик. Лекин биз уларни тадбирда кўрмадик. Энди биз мамлакатимиз жанубига бориб ёшларга бу конкурс ҳақида тасаввурлари бўлиши ва келажакда ўзлари ҳам иштирок этишлари учун бу видеороликларни кўрсатмоқчимиз», — деди ҳакам.