«Ар-Намис» депутати «Дизель» форумини жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилмоқда

1120


Турсунбай Бакир уулу парламент йиғинида машҳур «Дизель» форумини миллатлараро низони қўзғаганликда айблаб, унга қарши жиноий иш очиш кераклигини айтди. Медиа-экспертлар депутат сўзларини сайтни ёпишга қилинган ҳаракат қатори баҳоласа, форум раҳбарияти Бакир уулу сўзларини шарҳлашдан бош тортди.

Бакир уулу сўзларига кўра, «Дизель» форумининг «Сиёсат ва жамият» қисмида қирғизлар, ўзбеклар ва руслар устидан таҳқирларни учратиш мумкин.

«Бу каби материаллар июн воқеалари бир йиллиги куни чоп этилди. Сайт таҳририяти барчасини ўчириб ташлаши керак», — деди депутат Kloop.kgга берган интервьюсида.

Унинг айтишича бу ҳолатда сайтни ёпиш эмас, фақатгина жиноий иш қўзғаш масаласи ҳақида гап кетмоқда.

«Сайтни ёпиш ҳақида сўз йўқ. Гап фақат сайт раҳбариятини миллатлараро низони қўзғаганлари учун жиноий жавобгарликка тортиш бўйича кетяпти», — деди депутат.

Бакир уулу сўзларига кўра, сайтга қарши жиноий иш қўзғаш масаласи парламент йиғинида кўриб чиқилган ва парламент пресс хизматига текшириш учун топширилган.

«Парламент пресс хизмати барча материалларни ўрганиб чиқиб уларни маданият ва маълумот комитети ҳамда бош прокуратурага топширишлари керак», — дея қўшиб ўтди депутат.

«Ата-Журт» партияси депутати Наринбек Молдобаев Бакир уулуни бу масалада қўллашини айтиб, миллий низони қўзғаётган барча сайтларни «йўқ қилиш» кераклигини айтди.

«Ҳеч бир нарса жавобсиз қолмайди. Агар сайтларда миллатлараро низони қўзғовчи маълумотлар бўлса, уларни [сайт раҳбарияти] нафақат судлаш, балки таг томири билан бу сайтларни йўқ қилиш керак. Чунки бу сайтлар жамият онгига ўз таъсирини кўрсатиши мумкин. Жамият онги мамлакатдаги ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жараёнга ўз таъсирини кўрсатади», —деди Молдобаев Kloop.kg билан суҳбатда.

Лекин «Ата-Мекен» фракциясидан депутат Ширин Айтматова Бакир уулу сўзларига қарши эканини айтиб, «Дизель» форуми июн воқеалари чоғида ўзини ижобий тарафдан кўрсата олганини билдирди.

«Бишкек ва мамлакатнинг бошқа шаҳарлари аҳолисига маълумот тез етиб турди. Платформа [«Дизель»] орқали жабр тортганларга гуманитар ёрдам йиғилгани шахсан ўзимнинг ҳам ёдимда. Тўғри, у ерда [«Дизель» форумида] аввалдан тўланган сиёсий кучлар кўп, лекин бу сўз эркинлиги бор давлатда яшаш демакдир», — деди Айтматова.

«Сайтни ёпиш ҳаракатлари»

«Интернет сиёсати фуқоролар ташаббуси» фонди директори Татту Мамбеталиеванинг сўзларига кўра, Қирғизистонда интернет сайтларини ёпиш ҳаракатлари — «ижтимоий портлашлардан дарак» эканини
айтди.

«2005 йилги инқилобидан аввал ҳам бу каби ҳолат бўлганди. 2010 йилги инқилобда ҳам худди шу ҳолат қайталанди. Кимнингдир оғзини ёпишга қилинаётган ҳаракат — сиёсив арена ва бошқа жойларда назоратнинг қўлдан чиқаётганини билдирувчи ёмон аломатдир», —деди Мамбеталиева.

Фонд директори ҳар қандай сайтни «блокировка» қилишга қатъиян қарши эканини қўшиб ўтди.

Интернет ресурсларини ёпиш билан муаммо ечилиб қолмайди, Қирғизистон ҳудудида ҳар қандай ресурсни ёпилиши уни умуман ёпилди дегани эмас. Интернет ўз архивига эга. Маълумот қаерда бўлмасин, у ҳар доим қайд этилади ва сақланади. Сайтни ёпиш ҳеч қандай фойда бермайди», — деб ҳисоблайди Мамбеталиева.

«Медиа Полис Институти» фонди раҳбари Бегаим Усенова фикрича, миллатлараро низо қўзғаётган аноним фойдаланувчини жиноий жавобгарликка тортиш иложсиз.

«Қандай қилиб у [Бакир уулу] буни [миллатлараро низони қўзғаган хатлар] ёзган одамни топади? Жиноий иш форум раҳбариятига босим ўтказади, ёзганга эмас», — деб ўз фикри билан ўртоқлашди Усенова.

«Дизель» форуми

Машҳур «Дизель» интернет форуми 1998 йили Малик номи остидаги фойдаланувчи тарафидан очилган.

Форум турли мавзуларни ўз ичига олган 80дан ошиқ бўлимлардан иборат. Улар ичида энг машҳурлари «Оламан-сотаман», «Сиёсат ва жамият» ва «Мусиқа» — бўлимларидир. Бу бўлимларнинг ҳар бири 10 мингдан ошиқ мавзулардан иборат.

Форум ихтирочилари сўзларига кўра, «Дизель»га бир кунда икки мингдан ошиқ одам киради.