Қирғизистонда 22:00дан кейин ичкилик сотишни таъқиқлаш таклиф қилинмоқда

714

КСДП фракциясининг депутати Дастан Бекешев чакана савдо жойларида спиртли ичимликларни сотишни таъқиқлаган қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Қонун лойиҳасида бу қоидани бузган сотувчилар 10 минг сомлик жарима билан жазоланади. Бу ташаббусни парламент иккинчи ўқишда қўллади.

Бекешев таклиф қилган қонун лойиҳасида спиртли ичимликларни кечки соат 22дан эрталабки соат 8 гача сотиш таъқиқланади. Шунингдек, бу ҳужжат пласти
к шишаларда икки литрдан ортиқ пиво сотишни ҳам таъқиқлайди.

«Сизлар қанча одам ароқ ичишини биласизлар. Мен статистикани олдим. Бахтга қарши жуда кўп аёллар ичкилик ича бошлаган. Бу жуда ёмон белги», – деди депутат.

Бекешевнинг сўзларига кўра, қонун лойиҳаси ўлкада ичкиликбозлик миқдорини камайтириб, жиноятларнинг сонини озайтира олади.

«Тунги жиноятлар асосан маст ҳолда юзага келишини статистика кўрсатиб турибди. Одатда кечки соат 10гача ичишади, кейин 10дан ўтганда етмай қолса қаердан олиб ичсак деб қидиришади. Албатта, "кечки 10гача сотиб олиб қўйса бўлади" деб савол берса бўлади, бироқ ҳаммаси ҳам шундай қилавермайди», — деб ҳисоблайди Бекешев.

Қонун лойиҳаси бўйича сотувчилар 22:00дан кейин ичкилик сотишса, уларга 10 минг сом жарима солинади. Бекешев янги қонун ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларидаги порахўрликка сабаб бўлиши мумкин эканлигидан тонмайди, бироқ депутат йирик савдо дўконлари ноқонуний ичкилик сотишни тўхтатишга ўзлари интизор бўлишмоқда деб ҳисоблайди.

«Йирик дўконлар, масалан, “Народный”, “7 Дней”, “Фрунзе” — бу қоидаларни сақлашади. […] Спиртли ичимликларни сотишга аралашган кишилар [ичкиликни сотиш] ноқонуний олиб борилмаслигига қизиқишади ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига ариза ёзишади», – деди Бекешев.

Пивони қуйиб сотган дўконнинг сотувчиси Вячеслав Никишин Kloop.kgга янги қонун савдога жиддий таъсир қилишини айтди.

«Савдо сустлашади. Сабаби одамлар асосан оғир иш кунидан кейин пиво сотиб олишади. [Ҳаридорларнинг оқими] тахминан кечки соат 8да бошланиб, соат 10гача давом этади, баъзан 12гача келишади», – деди у.

Йирик савдо тармоқлари депутатнинг мазкур ташаббуси ҳақида Kloop.kgга изоҳ беришдан бош тортишди.

Бекешевнинг ташаббусини Қирғизистоннинг Алкоголь ичимликлар ишлаб чиқарувчи ассоциацияси қўллайди. Бироқ ассоциациянинг президенти Турсунбек Курўнкеев қонуннинг ташаббусчиларига ичкилик сотишга бир соат кечроқ - кечки соат 23дан бошлаб таъқиқлашни таклиф қилишади.

«Биз ЕОИИга кирдик. Россия билан Қозоғистонда 23:00дан бошлаб [ичкилик сотишга] чеклов бор, шу сабабли […] бир хил қоида бўлиши керак. Биз ЕОИИга имзо қўйганимиздан кейин қонунларимиз ҳам умумий бўлиши керак», — деб ҳисоблайди Курўнкеев.

Республика наркологик марказининг (РНМ) маълумотига кўра, сўнги уч йилда ичкилик ичган кишилар кўпаймоқда.

РНМнинг бош шифокори ўринбосари Татьяна Борисованинг сўзларига кўра, уч йил ичида маст ҳолатда марказга келиб тушганларнинг сони икки мингдан ортиқ кишига кўпайди.

Муаллиф: Регина Им